Ўзбекистон Президенти ЕХҲТ бош котибини қабул қилди

Май 21, 2026. 19:18 • 2 дақ

97
Ўзбекистон Президенти ЕХҲТ бош котибини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 21 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Феридун Синирлиўғлуни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда ЕХҲТ билан иқтисодий-экологик, сиёсий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Очиқ ва конструктив мулоқот юксак даражага чиққани, Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ва унинг тизимидаги институтлар билан ҳамкорлиги изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ташкилот раҳбарияти Ўзбекистонга ташрифларни мунтазам амалга оширмоқда, ЕХҲТ ДИИҲБ миссиялари мамлакатимизда сайлов жараёнларини мониторинг қилишда фаол иштирок этмоқда.

Трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, гендер тенгликни илгари суриш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг натижалари алоҳида қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Томонлар кибержиноятчиликка қарши курашиш, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда “яшил” кун тартибини илгари суриш каби устувор йўналишларда ҳам ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Ҳамкорлик бўйича янги “йўл харитаси”ни тайёрлаб, Ўзбекистонда ва ЕХҲТ доирасида бир қатор қўшма тадбирларни ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш