Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистони элчисини қабул қилди
Декабрь 29, 2025. 18:46 • 2 дақ
• 101
ТОШКЕНТ, 29 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Саудия Арабистони элчиси Юсуф ал-Утайбийни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти элчининг самарали фаолиятини ҳамда Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги ҳар томонлама шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Турли даражаларда тизимли мулоқот ва фаол алоқалар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми ва қўшма корхоналар сони жадал ўсиб бормоқда. Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари билан лойиҳалар портфели 27 миллиард доллардан ошди.
“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа устувор соҳаларда лойиҳа ҳамда ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди. Жорий йилнинг октябрь ойида Саудия Арабистонида Ўзбекистон маданияти кунлари юқори савияда ўтказилди. Мамлакатимиз Ар-Риёдда бўлиб ўтган Халқаро китоб кўргазмасида иштирок этди.
Ўзбекистон етакчиси Саудия Арабистони Ҳукуматига фуқароларимизнинг Ҳаж ва Умра амалларини адо этишига яратилган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Юсуф ал-Утайбийга Ўзбекистон – Саудия дўстлик ва кўп томонлама шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” орденини топширди.
Элчи унинг дипломатик миссиясига берилган юксак баҳо ҳамда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик ривожини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун мамлакатимиз етакчисига чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси