ТИВ: 2025 йилда Ўзбекистон ташқи сиёсати географияси мисли кўрилмаган даражада кенгайди
Декабрь 29, 2025. 18:13 • 7 дақ
• 104
ТОШКЕНТ, 29 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2025 йил давомида амалга оширган ташқи фаолияти якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, 2025 йил Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати тарихида мутлақо янги босқични бошлаб берган, мисли кўрилмаган ва чуқур стратегик аҳамиятга эга бўлган йил сифатида муҳрланди. Мазкур даврда мамлакатимиз ташқи сиёсати нафақат фаоллик ва изчиллик билан, балки аниқ сиёсий натижалар, кенг халқаро эътироф ва глобал ишонч билан намоён бўлди.
Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилган фаол, ташаббускор ва узоқни кўзлаган ташқи сиёсат мамлакатимизни халқаро майдонда очиқ мулоқотга тайёр, масъулиятли ва ишончли шерик сифатидаги мавқейини янада мустаҳкамлади.
Йил давомида Ўзбекистон Президентининг хорижга 28 та ташрифи, хориждан мамлакатимизга Олий даражада 23 та ташриф амалга оширилди. Улардан 7 таси давлат, 17 таси расмий ва 27 та амалий. Ташрифлар натижасида сиёсий мулоқотлар мазмунан чуқурлашиб, стратегик шерикликлар янги йўналишлар билан бойиди, узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамловчи аниқ келишувлар ва амалий механизмлар шакллантирилди.
Шу билан бирга, 20 га яқин халқаро тадбирларда давлатимиз раҳбарининг иштироки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаол ва ташаббускор позициясини яққол намоён этиб, мамлакатимизнинг минтақавий ва глобал кун тартибидаги ролини сезиларли даражада оширди.
Дунёнинг турли минтақаларидан олий мартабали вакиллар иштирокида Ўзбекистонда ўтказилган 10 та нуфузли халқаро тадбирга юртимизнинг мезбонлиги эса халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатимизга бўлган юқори даражадаги ишончи, ортиб бораётган эътибори ва Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликни янада кенгайтиришга бўлган қатъий интилишининг ёрқин ифодасига айланди. Мамлакатимиз томонидан минтақавий ҳамкорлик ва барқарор тараққиётга қаратилган 100 га яқин муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз Ўзбекистон дипломатиясини глобал саҳнада илгари суриш йўлида ҳамкорлар билан доимий мулоқотда. Давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларнинг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилиши қатъий назоратда.
2025 йилда Ўзбекистон ташқи сиёсати география ва мазмун жиҳатидан мисли кўрилмаган даражада кенгайди. Етакчи давлатлар, стратегик шериклар ҳамда нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан сиёсий мулоқотлар янги сифат босқичига кўтарилиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи, ишончлилиги ва сиёсий иродаси яққол намоён бўлди.
Йил давомида олиб борилган мувозанатли, очиқ ва прагматик дипломатия натижасида Ўзбекистон ташқи сиёсий кун тартиби жуда бой бўлди. Ушбу жараёнлар нафақат сиёсий мулоқотни жадаллаштирди, балки иқтисодий, инвестициявий, савдо, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларида узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди. Янги кўприклар барпо этилда, мавжудлари мустаҳкамланди.
Йил давомида мамлакатимизга 600 дан ортиқ юқори даражадаги хорижий ташрифлар амалга оширилган. Ўзбекистон делегацияларининг хорижий давлатларга 700 га яқин юқори даражадаги ташрифлари ташкил этилгани мазкур йўналишда олиб борилган фаол ва натижадор дипломатиянинг яққол тасдиғидир.
Мазкур мулоқотлар Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал жараёнлардаги фаол иштирокини янада мустаҳкамлаб, мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка қатъий содиқлигини амалда тасдиқлади.
Йил давомида Ўзбекистон ТИВ раҳбарияти томонидан хорижий давлатларга 50 дан зиёд ташрифлар амалга оширилди. Умумий ҳисобда хорижлик ҳамкорлар билан 2 мингга яқин юқори даражадаги учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Улар доирасида сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда долзарб халқаро масалалар юзасидан позицияларни мувофиқлаштириш, амалдаги келишувларнинг ижроси, жорий масалаларнинг тезкор ҳал этилиши ва доимий дипломатик алоқаларни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, хорижий давлатлар ташқи ишлар вазирлари томонидан Ўзбекистонга амалга оширилган 16 та ташриф мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат бериб, юқори даражадаги сиёсий мулоқотни янги босқичга олиб чиқди.
Бундан ташқари, чет элларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари даражасида иштирок этилган 29 та кўп томонлама тадбир орқали мамлакатимизнинг минтақавий ва глобал кун тартибидаги фаол иштироки таъминланиб, халқаро тузилмалар доирасида Ўзбекистоннинг ташаббуслари ва устувор ёндашувлари изчил илгари сурилди.
Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари билан ўтказилган 150 дан зиёд учрашувлар Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсат юритаётганини яна бир бор намоён этиб, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий ваколатхоналар билан ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шу ўринда иқтисодий дипломатия йўналишидаги ишлар сезиларли даражада кучайтирилди. Элчихоналаримиз илгаригидек айрим вилоят ва туманлар билан эмас, балки Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди, 208 та шаҳар ва туманлари билан тўғридан-тўғри ишлаш механизми жорий этилди. Ўз навбатида “ТИВ – Элчихоналар – вазирлик, тармоқлар ва ҳудудлар” форматида тизимли ишлар амалга оширилди.
Яна бир амалий йўналиш – бу вилоятлар делегацияларининг хорижий давлатларга ишчи сафарларини ташкил этишдан иборат бўлди. Мазкур ташрифларда вазирлик ташаббуси билан жорий этилган “Бизнес пул” асосида республиканинг йирик тадбиркорлари иштироки таъминланди.
2025 йил давомида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида мамлакатимиз ҳудудларида 80 дан ортиқ, хорижда эса 200 га яқин бизнес-форум, 25 та “Инвесторлар куни” тадбири ташкил этилди. Мазкур тадбирларда 2 мингга яқин хорижий компания иштироки таъминланди. Бу саъй-ҳаракатлар ҳудудларнинг инвестициявий салоҳиятини кенг тарғиб этиш, тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилди.
Бундан ташқари, йил давомида хориждаги дипломатик ваколатхоналар иштирокида 200 дан ортиқ миллий экспортчи корхоналарга хорижий ҳамкорлар топиш, янги бозорлар билан боғланиш ва экспорт географиясини кенгайтириш борасида амалий кўмак кўрсатилди.
2025 йилда 310 та икки ва кўп томонлама халқаро шартнома ва ҳужжатлар имзоланди. 9 та ҳужжат орқали стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди, мавжудлари янги босқичга кўтарилди, 9 та давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатилда, ҳамкорлар географияси яна кенгайди.
Хориждаги ватандошлар билан доимий мулоқот, уларни мамлакатимизда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларга жалб этиш ҳамда Ватанга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилди. Бу жараён консуллик ёрдамини фақат ҳуқуқий хизмат эмас, балки давлат ва фуқаро ўртасидаги ишонч кўприги сифатида шакллантиришга хизмат қилди.
Йил давомида консуллик-ҳуқуқий фаолият доирасида:
– 162,376 нафар Ўзбекистон фуқаросига консуллик хизматлари кўрсатилди;
– 15,215 нафар юртдошимизнинг хорижда иш билан таъминланишига кўмаклашилди;
– оғир моддий вазиятга тушиб қолган 4,085 нафар фуқарога 746,500 АҚШ доллари миқдорида ёрдам ажратилди;
– хорижий давлатларнинг вақтинча сақлаш муассасаларида бўлган 2,000 нафар фуқаронинг озод этилишига эришилди;
– мураккаб ҳаётий шароитга тушган, жумладан вояга етмаганлар, боқувчисиз қолган шахслар ва одам савдоси қурбонлари бўлган жами 250 нафар фуқаро Ватанга қайтарилди.
Шунингдек, хориждаги ватандошлар иштирокида 5,500 нафардан ортиқ маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, уларга 100,000 нафарга яқин юртдошларимиз жалб қилинди. Йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан 154,181 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксарияти белгиланган тартибда кўриб чиқилди ва амалий ечимлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, йил давомида чет эл фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш бўйича 188,299 та виза расмийлаштирилди.
Ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг очиқлик, қулайлик ва, энг асосийси, халқимиз, фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш тамойилларига асосланган консуллик сиёсати изчил амалга оширилаётганини яққол кўрсатади.
2025 йилда Ўзбекистон ТИВнинг ахборот сиёсати мамлакатимизнинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсатини халқаро ахборот маконида изчил тарғиб этишга қаратилди. ТИВ ва “Дунё” ахборот агентлигининг расмий платформалари орқали 22 708 та ахборот материали эълон қилиниб, ваколатхоналаримиз кўмагида 6000 дан ортиқ мақолалар нуфузли хорижий ОАВларда чоп этилди. Ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалар аудиторияси 230 000 нафарга яқин обуначига етди.
Ўзбекистоннинг туристик ва маданий салоҳиятини тарғиб этиш доирасида 712 нафар хорижий туроператор, 450 нафар медиа вакили ва 269 та травел-блогернинг ташрифлари ташкил этилди. Шунингдек, обуначилари 10 миллиондан ортиқ бўлган 30 га яқин блогер ва инфлюенсерлар дипломатик ваколатхоналар орқали мамлакатимизга жалб этилди.
Йил давомида йирик халқаро тадбирларни ёритиш мақсадида 3 400 дан ортиқ хорижий ОАВ вакиллари Вазирлик ҳузурида аккредитациядан ўтказилди.
Умуман олганда, амалга оширилган ушбу ахборот фаолияти Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсатини халқаро миқёсда изчил намоён этиб, мамлакатимизнинг ижобий имижи, “юмшоқ куч” салоҳияти ва глобал ахборот маконидаги нуфузини сезиларли даражада мустаҳкамлади.
2025 йил Янги Ўзбекистон дипломатияси учун мазмунан бой, натижаларга йўналтирилган ва тарихий аҳамиятга эга бўлган йил сифатида ёдда қолди. Фаол ташқи сиёсат, очиқ ва прагматик ёндашув, пухта ҳуқуқий асослар, кучли ахборот сиёсати халқаро майдондаги ўрнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Ҳар бир олиб борилган музокара, имзоланган ҳужжат, мустаҳкамланган шериклик ва ҳимоя қилинган фуқаро манфаатлари мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши ва халқаро майдондаги мустаҳкам ўрнига хизмат қилди.
Бу йўлдаги ҳар бир қадам изчил ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва узоқ муддатли тараққиётга қаратилган тарихий саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир. Янги йил арафасида ушбу ютуқлар келгуси давр учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишончимиз комил. Олдинда янада кенг имкониятлар, янги ташаббуслар ва юксак марралар турибди.
2026 йил барчамиз учун тинчлик, барқарорлик ва янги ютуқларга бой йил бўлсин. Ўзбекистон ташқи сиёсати йўлида амалга оширилаётган эзгу ва изчил саъй-ҳаракатлар келгуси йилда ҳам мамлакатимиз нуфузи, тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилишига ишонамиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси