Ўзбекистон Президенти ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раисини қабул қилди
Октябрь 22, 2026. 20:01 • 2 дақ
• 89
ТОШКЕНТ, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент ассамблеяси раиси Пере Жоан Понс Сампьетрони қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда ЕХҲТ ва унинг Парламент ассамблеяси билан ҳамкорликни, жумладан, парламентлараро мулоқотни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ушбу нуфузли тузилма билан алоқаларнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди. ЕХҲТ Парламент ассамблеясида Ўзбекистоннинг доимий делегацияси фаолият юритмоқда, ассамблея вакиллари мамлакатимиздаги сайловларни кузатиш жараёнларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Экология, миграция ва транспорт соҳаларида конструктив мулоқот йўлга қўйилган. Ўзбекистон вакили ассамблеянинг Миграция бўйича махсус қўмитаси таркибига киритилган.
Халқаро масалалар, жумладан, Марказий Осиёда минтақавий шерикликни ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида янги устувор йўналишларни белгилаб берадиган қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси