ЖССТ вакили: Болалар онкологиясида халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга

Октябрь 22, 2026. 18:30 • 2 дақ

• 114
ЖССТ вакили: Болалар онкологиясида халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга

САМАРҚАНД, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа минтақавий бюросининг Соғлиқни сақлаш тизимлари бўлими бошлиғи Наташа Аццопарди-Мускат “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистонда болалар онкологияси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди:

– Самарқандда ўтказилган саммит муҳим аҳамиятга эга. Болалар саломатлиги, хусусан, болаларда учрайдиган онкологик касалликлар масаласининг нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда устувор йўналиш сифатида кун тартибига олиб чиқилаётгани қувонарлидир.

Эришилаётган натижалар ва мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорликка қаратаётган эътибори мени жуда қувонтирди. Айниқса, зарур дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, юқори ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш ва бу борадаги тажрибани ўзаро алмашишга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътиборга лойиқ.

Бундай мулоқотлар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топиш ва болалар учун сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

ЖССТ Ўзбекистон билан ҳамкорликда тиббий ёрдам кўрсатишнинг тўғри протоколларини жорий этиш ва ажратилаётган ресурслардан самарали фойдаланиш масалалари устида доимий ишлаб келмоқда. Бунинг асосий мақсади ҳар бир бола учун сифатли даволаниш имкониятини яратиш ва тиббий ёрдам самарадорлигини оширишдир.

Келгуси беш йил давомида онкологик касалликларга чалинган болаларнинг яшаб қолиш кўрсаткичларида сезиларли яхшиланиш кузатилиши мумкин. Бунинг учун дори воситаларининг мавжудлиги, ташхис қўйиш имкониятлари, малакали тиббий кадрлар ва самарали даволаш тизимини ўзаро уйғунлаштириш зарур.

Шу билан бирга, бугунги ёндашув фақат болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш билан чекланмаслиги керак. Онкологик касалликни енгиб ўтган болаларнинг кейинги ҳаёти, умумий саломатлиги ва фаровонлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Болалар даволанишдан кейин ҳам тўлақонли ҳаёт кечириши, таълим олиши ва жамиятда фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилиши лозим. Шу боис болалар онкологиясига комплекс ёндашув, халқаро ҳамкорлик ва соғлиқни сақлаш тизимларининг салоҳиятини ошириш келгусидаги энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш