Ҳиндистондаги университетда ўзбек тили ва адабиёти бўйича бакалавриат йўналиши очилди

Октябрь 22, 2026. 19:30 • 2 дақ

• 111
Ҳиндистондаги университетда ўзбек тили ва адабиёти бўйича бакалавриат йўналиши очилди

ДЕҲЛИ, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Жамия Миллия Исломия университетида Ўзбек тили байрамига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда университет профессори Шаҳид Таслим, Ўзбекистон олий таълим муассасалари вакиллари, ҳинд мутахассислари ҳамда ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.

Учрашувда юртимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини ошириш, таълим ва маданият соҳаларидаги ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон–Ҳиндистон олий таълим соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Шаҳид Таслим таъкидлаганидек, Жамия Миллия Исломия университетида ўзбек тили курслари 2004 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Жорий йилдан бошлаб университет таълим дастурига ўзбек тили ва адабиёти бўйича бакалавриат йўналиши киритилиб, 20 нафардан зиёд талаба таҳсил олишни бошлади. 

Давра суҳбати давомида талабалар ўзбек тили бўйича билимларини намойиш этиб, Ўзбекистон тарихи, адабиёти ва маданиятини кенгроқ ўрганишга қизиқиш билдирди. Ўзбекистон олийгоҳларида таҳсил олиш ва ҳинд талабалари учун стипендия имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Тадбирда Жамия Миллия Исломия университети ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқишни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш