Ўзбекистон Президенти нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳаларни кўриб чиқди

Октябрь 05, 2026. 19:55 • 3 дақ

• 61
Ўзбекистон Президенти нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳаларни кўриб чиқди

ТОШКЕНТ, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун нефть ва газ тармоғида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолиятини такомиллаштириш, харидлар ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга қаратилган иккита қарор қабул қилинди.

Тақдимотда ушбу қарорларнинг ижросини таъминлаш, табиий газ қазиб чиқариш кўрсаткичлари ҳамда йил якунигача амалга оширилиши мўлжалланган тадбирлар кўриб чиқилди. 

Газ захираларини кўпайтириш мақсадида геология-қидирув ишлари кенгайтирилмоқда. Жумладан, жорий йилда 3D сейсмик разведка ишларининг ҳажми ўтган йилга нисбатан 5 баробарга ошириш режалаштирилмоқда. Йил бошидан бешта янги газ конлари очилди, ҳудудларда 6000 метргача ва ундан ортиқ чуқурликларга 80 та қудуқ бурғиланган бўлса, тўртинчи чоракда ушбу қудуқлардан яна 40 тасини бурғилаш режа қилинган.

Истиқболли майдонларни, айниқса Устюртнинг катта чуқурликдаги қатламларни ўрганиш, янги конларни ўзлаштириш ҳамда мавжуд қудуқлар самарадорлигини ошириш бўйича режалар тақдимот қилинди.

Ушбу мақсадларда бурғилаш ишларини янги босқичга олиб чиқиш, жараёнларга замонавий технологик ечимларни олиб кириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу сабабли ҳозирда Устюрт ҳудудида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда янги қудуқларни бурғилаш, геофизик маълумотларни қайта таҳлил қилиш ҳамда газ қазиб олиш самарадорлигини ошириш юзасидан бир қатор самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Тақдимотда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тасарруфидаги йирик корхоналарнинг молиявий натижалари ҳам таҳлил қилинди. Жорий йилнинг тўққиз ойи якуни билан корхоналарнинг жамланган соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсган, кредит портфелини мақбуллаштириш натижасида эса қарздорлик камайган, юқори фоизли кредитлар шартларини қайта кўриб чиқиш орқали фоиз харажатларини тежашга эришилган.

Тақдимот доирасида газ транспорт тизимининг ўтказувчанлик қувватини оширишга доир лойиҳаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда янги магистрал газ қувурларини қуриш, компрессор станцияларини модернизация қилиш каби тадбирлар қамраб олинади. 

Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, айрим станцияларда замонавий электр двигателларини ишга тушириш, газ етказиб бериш барқарорлигини ошириш ҳамда йилига 125 миллион куб метр газ тежаш имконини беради. Шу муносабат билан уларни амалга оширишни молиялаштириш манбалари бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек ўқинг

Тақдимотда “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида юзага келган аварияни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу ишларга Хитойнинг ихтисослашган компанияси жалб қилинган бўлиб, ҳозирда махсус техника ва ускуналар иш жойига сафарбар қилинмоқда, қудуқларни бурғилаш жойларида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Аварияни бартараф этиш жараёнининг барча босқичларида хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш энг муҳим масалалардан бири эканлиги қайд этилди.

Тақдимотда яна бир йирик лойиҳа - Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уни молиявий соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам ахборот берилди.

Ҳозирда заводда асосий технологик қурилмалар таъмирлангани натижасида дизель ёнилғиси ишлаб чиқаришни 30 фоизга, битум 60 фоизга, авиакеросин эса 5 баробарга оширишга эришилган. 

Келгусида заводни хомашё билан барқарор таъминлаш, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ҳамда қарздорликни камайтириш бўйича кенг қамровли тадбирлар амалга оширилади. Йил охирига қадар завод юкламаси 40 фоиздан 65 фоизга етказилади ва кейинчалик ошириб борилади.

Давлатимиз раҳбари геология-қидирув ва бурғилаш ишлари натижадорлигини ошириш, йирик лойиҳаларни пухта ҳисоб-китоб ва аниқ молиялаштириш манбалари асосида олиб бориш, тармоқ корхоналари фаолиятида самарадорликка алоҳида эътибор бериш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

 

 

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш