Давлатимиз раҳбари ФИФА Президентини қабул қилди
Сентябрь 30, 2026. 18:45 • 2 дақ
• 73
ТОШКЕНТ, 30 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантинони қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида ФИФА президенти Ўзбекистоннинг футболдаги ютуқлари ҳамда мамлакатимизда спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган самарали ислоҳотлар натижаларини эътироф этди.
Ўзбекистон ва Озарбайжонда йирик нуфузли спорт тадбири – 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учрашувнинг асосий мавзуси бўлди.
ФИФА билан футболни оммалаштириш, айниқса, ёшлар орасида ушбу спорт турига қизиқишни янада кучайтиришга қаратилган қўшма дастурларни илгари суриш борасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Шерикликни, аввало, футболни ташкил этиш ва бошқариш тизимини трансформация қилиш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар, спорт шифокорлари ва техник мутахассисларни халқаро савияда тайёрлаш йўналишларида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда ФИФАнинг йирик турнирлари ва тадбирларини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳрида федерациянинг минтақавий ваколатхонасини очиш жараёнини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси