Logo

Ўзбекистон Президенти Хоразм вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифаларни кўриб чиқди

Март 03, 2026. 21:11 • 4 дақ

78
Ўзбекистон Президенти Хоразм вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифаларни кўриб чиқди

ТОШКЕНТ, 3 март. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Хоразм вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгуси устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги йилларда вилоятда мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш орқали кўплаб соҳаларда ижобий натижаларга эришилди. Саноат ҳажми 2016 йилдаги 2,8 триллион сўмдан 34,3 триллион сўмга етди, ялпи ҳудудий маҳсулот 63 триллион сўмни ташкил этди. Ўтган йили вилоятга 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб қилинди.

Шу билан бирга, эришилган кўрсаткичлар ҳудуд салоҳиятига тўлиқ мос эмаслиги таъкидланди. Айниқса, туризм соҳасида ноёб тарихий ва маданий меросга эга бўлган ҳудудда сайёҳларнинг ўртача қолиш муддати 1-2 кун билан чекланмоқда.

Вилоятда 1 миллиондан зиёд ёшлар яшайди, ҳар йили 35 минг нафар ёш меҳнат бозорига кириб келади. Уларнинг таълим-тарбияси, замонавий касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлаш ҳудуд раҳбариятининг доимий эътиборида бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Ёш авлодни Жалолиддин Мангуберди, Беруний, Хоразмий ва Замахшарий каби буюк сиймоларга муносиб этиб тарбиялаш бўйича янги тизимли ёндашувлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Aҳолининг 67 фоизи қишлоқларда истиқомат қилишини инобатга олиб, айнан қишлоқ жойларда қўшимча даромад манбаларини яратиш орқали ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш муҳим экани қайд этилди.

Масалан, Гурлан, Тупроққалъа, Янгибозор ва Қўшкўпир туманларида чорвачиликка ихтисослашган 135 та маҳаллада наслли чорвани кўпайтириш, Урганч, Хонқа, Қўшкўпир ва Шовот туманларида маҳаллаларни қурилиш материаллари, тўқимачилик, ҳунармандчилик ва мебелсозлик йўналишларига ихтисослаштириш, шунингдек, Урганч, Қўшкўпир, Хонқа, Янгиариқ ва Шовот туманларида 6 та саноат ва хизматлар микромарказини ташкил этиш орқали камида 10 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш имконияти бор.

Ўтган йили вилоятга келган хорижий ва маҳаллий туристлар сони 12,5 миллион нафарга етган. Бироқ хизматлар кўлами ва сифати, янги туристик маршрутлар ташкил этиш, саёҳат объектларини мазмунан бойитиш ишлари етарли эмаслиги қайд этилди.

Хива шаҳри, Боғот ва Хива туманларидаги туризм маҳаллаларида сервис объектлари барпо этиш, 59 та маҳалладаги 14 та гавжум кўча бўйича мастер-режа ишлаб чиқиб, тадбиркорларга тақдим этиш вазифаси қўйилди.

10,8 гектар майдонда жойлашган Сулаймон қалъа мажмуасини янги туристик объект сифатида комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Шунингдек, Урганч шаҳри орқали ўтувчи Шовот канали бўйида туризм ва сервис объектлари ҳамда кўнгилочар марказлар ташкил қилиш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилади.

Йиғилишда инвестиция ва экспортни ошириш устувор вазифа сифатида қайд этилди. Ҳазорасп, Урганч, Шовот, Тупроққалъа ва Урганч шаҳри салоҳиятидан самарали фойдаланиб, йирик саноат лойиҳаларини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Питнак шаҳридаги автомобиль заводи қувватини ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини 62 фоизга етказиш орқали яхлит машинасозлик кластерини шакллантириш имконияти мавжудлиги қайд этилди. Шунингдек, Ҳазораспда кимё, тўқимачилик ва озиқ-овқат, Шовотда мебелчилик ва текстиль йўналишларида янги лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди.

Вилоят шаҳар ва туманларини замонавий қиёфага келтириш, йўл ва сув инфратузилмасини яхшилашга 1 миллиард 600 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди.

Умуман, жорий йилда хорижий инвестиция ҳажмини 2 миллиард доллардан, экспортни 510 миллион доллардан ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали ялпи ҳудудий маҳсулотни 8,4 фоизга, саноатни 9 фоизга, хизматларни 16,2 фоизга, қишлоқ хўжалигини 5,7 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Ўтган йили Хоразм вилоятида камбағаллик даражаси 11,9 фоиздан 6,7 фоизга тушгани республикадаги энг юқори натижа бўлди. Бироқ камбағаллик даражаси республикадаги ўртача даражадан юқорилигича қолаётгани қайд этилди. Шу боис, йил якунига қадар ишсизлик ва камбағаллик даражасини камида 3 фоизгача қисқартириш асосий вазифа сифатида белгиланди.

Бундан Ҳазорасп, Хонқа, Шовот, Янгиариқ, Янгибозор, Тупроққалъа, Хива ва Урганч шаҳарларини ишсизлик ва камбағалликдан xоли ҳудудга айлантириш топширилди.

Йиғилиш якунида мутасаддиларга қатор аниқ вазифалар юклатилди.

Хусусан, Гурлан туманидаги 158 километр канални реконструкция қилиш, тадбиркорлик лойиҳалари учун 81 миллион доллар ажратиш, 270 та насос агрегатини энергия тежамкор ускуналарга алмаштириш, Ўзбекистон – Туркманистон чегараолди савдо зонаси фаолиятини молиялаштириш, ижтимоий объектлар ва инфратузилмани таъмирлашга 100 миллиард сўм йўналтириш бўйича топшириқлар берилди.

Президентимиз мутасаддилар олдига ишларни аҳоли ҳаётига аниқ ўзгариш олиб келадиган, натижадорликка қаратилган қилиб ташкил этиш, ҳар бир туман ва маҳаллада манзилли ёндашувни таъминлаш вазифасини қўйди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш