Logo

Ўзбекистон Ҳиндистонда туризм соҳасидаги нуфузли мукофотга сазовор бўлди

Февраль 25, 2026. 15:05 • 3 дақ

134
Ўзбекистон Ҳиндистонда туризм соҳасидаги нуфузли мукофотга сазовор бўлди

ДEҲЛИ, 25 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти Ҳиндистонда юксак эътироф этилди - Деҳлидаги «ITC Maurya» меҳмонхонасида бўлиб ўтган «VETA Awards» мукофотини топшириш бўйича тантанали маросимда мамлакатимиз туризмни ривожлантиришдаги улкан ютуқлари учун махсус номинация билан тақдирланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«VETA Awards» - Ҳиндистон ва Жанубий Осиё минтақасидаги туризм ҳамда меҳмондорчилик индустриясининг энг йирик ва нуфузли тақдирлаш маросимларидан биридир. Мазкур мукофот «Travel Scapes» умумҳиндистон саёҳатлар журналини нашр этувчи етакчи «Versatile Media» медиа-компанияси томонидан таъсис этилган.

«VETA Awards» соҳадаги илғор тажриба ва инновацияларни эътироф этиш учун йирик платформа вазифасини ўтаб, туризм соҳасининг жаҳон етакчилари ва асосий миллий вакилларини бирлаштиради. Мукофот Осиёдаги энг йирик «SATTE» туристик кўргазмаси билан ҳамкорликда ўтказилади ҳамда унинг Ҳиндистондан хорижга саёҳат қилиш йўналиши кун тартибини шакллантиришдаги мақоми ва таъсирини янада оширади.

Тақдирлаш маросимида Ҳиндистон туризм индустрияси етакчилари, йирик сайёҳлик компаниялари, меҳмонхоналар тармоқлари ва авиакомпаниялар раҳбарлари жам бўлди. Болливуд юлдузлари, машҳур мусиқий жамоалар ва ижрочилар кечага алоҳида шукуҳ бағишлади. Тадбир жараёнлари Ҳиндистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари ва оммабоп тревел-блогерлар томонидан кенг ёритилди.

Ҳиндистонлик сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. «VETA Awards» мукофотининг топширилиши эса ушбу трендни яна бир бор тасдиқлади.

2025 йил якунларига кўра, мамлакатимизга 80 мингдан ортиқ Ҳиндистон фуқаролари ташриф буюрган, бу эса 2024 йилга нисбатан 15 фоизга кўп демакдир. Бундай ўсиш юртимиз туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, авиақатновлар кўламини кенгайтириш самарасида амалга оширилди.

Икки давлат ўртасидаги рейслар сони мунтазам ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг ёзги жадвал бошланиши билан «Centrum Air» авиакомпанияси 30 мартдан Тошкент – Ҳайдаробод йўналиши бўйича, «Uzbekistan Airways» эса 4 апрелдан Наманган ва Деҳли ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўяди. Шу тариқа, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳафталик парвозлар қарийб 20 тага етади.

Ўзбекистон туризм маъмурияти 2026 йилда Ҳиндистондан 100 минг нафар сайёҳни қабул қилишдек улкан мақсадни ўз олдига қўйган.

«VETA Awards» мукофотини топшириш маросими анъанавий тарзда бугун Деҳлида очилган Осиёдаги энг йирик туристик ярмаркалардан бири - «SATTE» кўргазмаси арафасида бўлиб ўтди.

Мазкур кўргазмада Ўзбекистон ягона миллий стенд билан қатнашмоқда. Делегация таркибидан Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимизнинг етакчи туроператорлари ва агентликлари вакиллари жой олган. Тадбир доирасида Ҳиндистон компаниялари ва Жанубий Осиё давлатлари агентликлари билан “B2B” шаклидаги туркум учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Музокараларнинг асосий мавзуларини сайёҳлар оқимини кўпайтириш, MICE-туризмни ривожлантириш ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари ташкил қилади. «SATTE» кўргазмасидаги иштирок Ўзбекистоннинг Мумбай шаҳрида февраль ойи бошида бўлиб ўтган «OTM» кўргазмасидаги муваффақиятли тарғибот кампаниясининг мантиқий давоми бўлади.

Ўзбекистон туристик жозибадорликни ошириш устида фаол иш олиб бормоқда. Жорий йилнинг январь ойида Ҳиндистоннинг йирик шаҳарлари - Деҳли, Мумбай ва Гургаонда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ҳақидаги видеороликлар намойиши орқали кенг кўламли реклама кампанияси ўтказилди.

Авиақатновларнинг ривожланиши ҳамда ҳиндистонлик блогер ва журналистлар учун ташкил этилаётган инфо-турлар орқали миллий туристик бренднинг оммалашиши ўз самарасини бермоқда. Натижада Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари ҳиндистонликлар учун орзу қилинган йўналишларга айланмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш