Logo

Ўзбекистон Президенти суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва тизимда коррупцияга қарши курашишнинг ҳолатини кўриб чиқди

Февраль 12, 2026. 17:24 • 3 дақ

66
Ўзбекистон Президенти суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва тизимда коррупцияга қарши курашишнинг ҳолатини кўриб чиқди

ТОШКЕНТ, 12 февраль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Судьялар олий кенгаши раисининг ахбороти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида кенгаш раиси одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якунлари бўйича ахборот тақдим этиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида коррупцияга йўл қўйиш – ислоҳотларга хиёнат ҳисобланиши таъкидланиб, мамлакатимизда бу иллатга қарши курашиш бўйича жорий йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қилинган эди.

Шу сабабли, судлар давлат ҳокимиятининг алоҳида бўғини сифатида “коррупциядан холи” тизимга айланишида намуна бўлиши лозим.

Суд мустақиллигини таъминлаш, судьяларни ташқи босимлардан ҳимоя қилиш учун Судьялар олий кенгаши бевосита масъул ҳисобланади. 2025 йилда алоҳида Фармон қабул қилиниб, унга янги ваколатлар берилди. Суд тизими учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Кенгаш ҳузурида Одил судлов академияси ташкил этилди.

Судьялар олий кенгаши томонидан ўтган йилда 135 нафар номзод илк бор судьялик лавозимига, 286 нафар судья лавозимга қайта тайинланди, 241 нафардан иборат тергов судьялари корпуси шакллантирилди.

Ҳисобот даврида 59 нафар судьянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилди, жумладан, судьялик қасамёдини бузганлиги ҳамда Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмаганлиги учун 19 нафар судья лавозимидан озод этилди, 3 нафар судья жиноий жавобгарликка тортилди, 58 нафар судьянинг лавозимлари пасайтирилди. Судьялик ваколати муддати тугаган 33 нафар судья навбатдаги судьялик лавозимига нолойиқ деб топилди ҳамда 266 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилди.

Ўтган йилда суд фаолиятига аралашганлик ҳолатлари бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилди. Кенгашнинг расмий веб-сайтида судья дахлсизлиги бузилганлиги юзасидан тезкор хабар юбориш имкони яратилди.

Судьялар дахлсизлиги ва мустақиллигини таъминлаш доирасида ҳудудий судлар раислари томонидан чиқарилган 6 мингдан ортиқ буйруқлар ўрганилиб, 231 та буйруқда 314 нафар судьяларга нисбатан одил судлов билан боғлиқ бўлмаган вазифалар юклатилганлиги аниқланган ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўрилган.

Шу боис, судьяни ўзига хос бўлмаган вазифалардан озод этиш мақсадида суд аппарати ходимлари билан ишлаш, моддий-техник таъминот ва барча ташкилий ишларга масъул бўладиган “суд маъмурчилиги” институтини ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажриба ўрганилади.

Судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш борасида Судьялар интизомий ҳайъатини ташкил этиш орқали судьяга нисбатан интизомий жазо қўллашнинг холис тартибини яратиш таклиф қилинди.

Судья ва уларнинг оила аъзолари мол-мулкини декларация қилишни йўлга қўйиш, суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олишга қаратилган комплаенс назорат тизимини жорий этиш, суд аппарати ходимларини ишга олишнинг очиқ тартибини яратиш каби ташаббуслар илгари сурилди.

Бундан ташқари, мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати доирасида суд тизимида ҳам гендер тенгликни таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Жумладан, яқинлашиб келаётган 10 март – Халқаро аёл судьялар кунини нишонлаш бўйича режалар белгилаб олинди.

Президентимиз билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш йўналишидаги тизимли чора-тадбирларни изчил давом эттириш юзасидан бир қатор тавсиялар берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш