Logo

“Belt and Road Outlook” журнали: Кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичига мустаҳкам замин яратмоқда

Февраль 12, 2026. 16:48 • 3 дақ

85
“Belt and Road Outlook” журнали: Кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичига мустаҳкам замин яратмоқда

ПЕКИН, 12 февраль. /“Дунё” АА/. Хитойнинг машҳур “Belt and Road Outlook” журнали саҳифаларида Хитой Халқаро муаммолар академияси Евроосиё тадқиқотлари институти директори Ли Цзигонинг Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланган таҳлилий мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нуфузли эксперт Ўзбекистоннинг янги тараққиёт моделига ўтаётганини, ислоҳотлар институционал, ижтимоий ва стратегик, энг муҳими, ортга қайтмас тус олаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг “Янги тараққийпарвар Ўзбекистон”ни барпо этиш, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ҳаётга татбиқ этишдаги ислоҳотчилик ролига алоҳида эътибор қаратилган. Муаллифнинг таъкидлашича, инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли турмуш сифатини оширишни асосий устувор йўналишлардан бирига айлантирувчи давлат сиёсати мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар муваффақиятининг гарови сифатида қаралади.

Ёшларни олий таълим билан қамраб олишнинг изчил ўсиш кўрсаткичлари, камбағаллик даражасининг сезиларли даражада қисқариши ва ижтимоий-иқтисодий сиёсатдаги бошқа муҳим натижалар ҳам ислоҳотлар самарадорлигидан далолат беради. Муаллиф таъкидлаганидек, ижтимоий сиёсат модернизация стратегиясининг марказий элементига айланди ва кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Таҳлилчининг фикрича, парламент ваколатларининг кенгайиши, ҳар икки палата ролининг кучайиши давлат бошқаруви тизимини янада демократлаштиришга бўлган интилишни акс эттиради.

Шу нуқтаи назардан, иқтисодий ислоҳотлар мамлакатнинг барқарор инвестициявий жозибадорлигини таъминлаб, Ўзбекистоннинг минтақадаги энг жадал ривожланаётган иқтисодий марказ сифатидаги имижини мустаҳкамламоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши режалаштирилаётгани очиқлик сиёсатининг мантиқий давоми бўлиб, иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақиятини мустаҳкамлайди, ўзбек экспорт маҳсулотларининг рақобатбардошлигини кучайтиради.

Хитойлик экспертнинг фикрича, ташқи сиёсат курси Ўзбекистон дипломатиясининг очиқ, прагматик ва кўп векторли хусусиятини намойиш этади. Шу билан бирга, мақолада Марказий Осиёга устувор йўналиш сифатида алоҳида урғу берилган. Хусусан, минтақада чегара масалаларини тартибга солиш, “Марказий Осиё ўзига хослиги”ни шакллантириш ҳамкорлик, барқарорлик ва интеграцияга йўналтирилган мутлақо янги минтақавий сиёсат парадигмасининг далили сифатида тавсифланади.

Мақолада долзарб экологик ва “яшил” кун тартиби муҳим ўрин тутади ва Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишнинг глобал тенденцияларига мослашишга интилишини акс эттиради. Орол инқирозининг кўламини ҳисобга олган ҳолда экологик йўналиш нафақат халқаро, балки ички стратегик аҳамият касб этмоқда.

Хитой Ўзбекистон муносабатларига алоҳида бўлим бағишланган. Ли Цзигонинг фикрича, муносабатларни ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтариш, Хитой билан савдо ва инвестициялар оқимининг барқарор ўсиши ўзаро ҳамкорликнинг стратегик чуқурлигини англатади. Хитой етакчи иқтисодий ҳамкор, технологиялар ва инфратузилма лойиҳалари манбаи, жумладан, муҳим геоиқтисодий аҳамиятга эга “Хитой Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли.

Умуман олганда, мақолада Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти атрофлича очиб берилган. Муаллиф хулоса қилганидек, кучли ижтимоий йўналиш, иқтисодий модернизация, институционал мустаҳкамлаш ва фаол ташқи сиёсатни ўзида мужассам этган ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг янги босқичи учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш