Ўзбекистон Президенти ёшларга давлат мукофотларини топширди
Июнь 30, 2026. 18:25 • 2 дақ
• 64
ТОШКЕНТ, 30 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президентининг 29 июндаги фармони ва қарорига мувофиқ, ўз билими, истеъдоди, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ёшлар “Келажак бунёдкори” медали ва“Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган эди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, 30 июнь – Ёшлар кунида Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида ана шу мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Давлатимиз раҳбари юртимиз ёшларининг ҳар бирида катта салоҳият, истеъдод ва иқтидор борлигини қайд этди.
– Сизлар ўз даврида буюк кашфиётлари билан дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг “ақл чироғи” бўлган буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларисиз. Албатта, ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир!
Аждодларимиз инсоният тараққиёти учун қандай буюк ишлар қилган бўлса, сизлар Янги Ўзбекистонда янги уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган куч бўлишингиз керак! – деди Шавкат Мирзиёев.
Шундан сўнг Президентимиз ёшларга давлат мукофотларини топширди.
– Бутун халқимиз номидан бугунги давлат мукофотлари соҳибларини яна бир бор табриклайман. Мазкур юксак эътироф сизларни янги марралар сари етакласин! Сафингиз янада кенгаяверсин! – деди Ўзбекистон етакчиси.
Мукофотланган ёшлар давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам ўз билими, меҳнати ва ташаббуслари билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси