Қирғиз матбуотида Ўзбекистоннинг ШҲТ ривожи бўйича ёндашувлари ёритилди

Июнь 30, 2026. 18:00 • 3 дақ

40
Қирғиз матбуотида Ўзбекистоннинг ШҲТ ривожи бўйича ёндашувлари ёритилди

БИШКЕК, 30 июнь. /“Дунё” АА/. “Вечерний Бишкек” нашрида Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаевнинг ШҲТ фаолияти ва ташкилотнинг ривожланиш истиқболларига бағишланган интервьюси эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Саидикрам Ниёзхўжаевнинг таъкидлашича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бугунги кунда Евроосиёдаги энг йирик ва нуфузли халқаро тузилмалардан бирига айланиб бормоқда. Ташкилотнинг асосий кучи унинг аъзо давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч, тенг ҳуқуқлилик ва манфаатларни ҳисобга олган ҳолдаги ҳамкорлигидадир.

Элчининг қайд этишича, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган “ШҲТ кучли бўлса, ҳар биримиз кучлимиз” шиори бугун ташкилотнинг асосий ғояларидан бирига айланган. Ушбу тамойил ҳар бир аъзо давлатнинг барқарор тараққиёти бутун ташкилотнинг мустаҳкамлигига хизмат қилишини англатади.

Бугунги кунда ШҲТ “оиласи” 27 та давлатни бирлаштириб, дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг чорак қисмига тўғри келадиган ҳудудни қамраб олган. Ташкилот хавфсизлик билан бир қаторда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт, инвестиция, энергетика, рақамли иқтисодиёт, инновациялар ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон учун ШҲТга аъзолик миллий манфаатларни илгари суриш ва минтақавий барқарорликни таъминлашнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Мамлакат 2017 йилдан буён ташкилот доирасида фаол ташаббускор сифатида иштирок этиб, сиёсат, иқтисодиёт, транспорт, логистика, инновациялар ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган 100 дан ортиқ ташаббусни илгари сурди. Уларнинг аксарияти амалга оширилган, қолганлари эса ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон ШҲТнинг иқтисодий йўналишини устувор деб ҳисоблайди. Хусусан, транспорт йўлакларини ривожлантириш, электрон тижорат, саноат кооперацияси, рақамли платформаларни яратиш, шунингдек, ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга.

Марказий Осиё ҳам ташкилот фаолиятида тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Ўзбекистон ушбу минтақани ШҲТнинг “юраги” сифатида баҳолаб, транспорт боғлиқлиги, савдо, чегара хавфсизлиги, озиқ-овқат ва энергетика барқарорлиги ҳамда Афғонистонда тинчликни таъминлаш каби масалаларда фаол ташаббуслар билан чиқмоқда.

Хусусан, 2024 йилги Остона саммитида Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик тамойиллари тўғрисидаги декларация ташкилотда ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Келгусида ШҲТ доирасида савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, электрон тижорат дастурини қабул қилиш ва “ШҲТ–Инвест” халқаро инвестиция форумини ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, ядровий хавфсизлик, киберхавфсизлик, наркотикларга қарши кураш, энергетик хавфсизлик ва Афғонистон бўйича ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Элчининг фикрича, 2026 йил сентябрда Бишкек шаҳрида ўтказиладиган юбилей саммити ташкилот фаолиятига янги суръат бағишлаб, “Шанхай руҳи” – ўзаро ишонч, тенглик ва шериклик тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш