Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар
Июль 24, 2026. 12:45 • 2 дақ
• 19
ТОШКЕНТ, 24 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Тожикистон етакчиси Ўзбекистон Президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, дўст Ўзбекистон халқининг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш йўлида битмас-туганмас куч-ғайрат ва янги зафарлар тилади.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президентининг саъй-ҳаракатлари туфайли бугун мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан дадил илгарилаб, халқаро майдондаги нуфузини изчил мустаҳкамлаб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Суҳбатда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар Тожикистон Президентининг жорий йил 26-27 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Етакчилар минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак учрашувлар режасини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси