Ироқда меҳнат қилаётган ватандошлар билан учрашув ўтказилди
Июль 24, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 50
БАҒДОД, 24 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Ал-Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов Ироққа амалга оширган хизмат сафари доирасида “Al Qalab General Construction Company” компанияси раҳбарияти ҳамда у ерда меҳнат қилаётган ватандошлар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, Ироқда меҳнат қилаётган ватандошларимиз учун муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда соҳага юқори малакали мутахассисларни жалб этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ташриф давомида элчи ватандошлар билан бевосита мулоқот ўтказиб, уларнинг яшаш шароитлари, иш ҳақи, тиббий хизматдан фойдаланиш ва ижтимоий-маиший масалалари билан яқиндан танишди. Фуқароларни қизиқтирган саволларга консуллик-ҳуқуқий соҳага оид тегишли тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, учрашувда минтақадаги мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда, ватандошларимизга шахсий хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш, Ироқ қонунчилиги ва маҳаллий тартиб-қоидаларга сўзсиз амал қилиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
“Al Qalab General Construction Company” Ироқнинг саноат, нефть-газ, энергетика, транспорт ва инфратузилма соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширувчи етакчи хусусий пудрат ташкилотларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирги кунда компанияда 100 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси моляр, пайвандчи, махсус техника ва йирик қурилиш автомобиллари ҳайдовчиси сифатида фаолият юритмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси