Ўзбекистон алюминий маҳсулотлари Германиядаги халқаро кўргазмада намойиш этилди
Октябрь 11, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 52
ДЮССЕЛЬДОРФ, 11 октябрь. /“Дунё” АА/. Германияда бўлиб ўтган “ALUMINIUM 2026” халқаро кўргазмасида Ўзбекистоннинг “Benkam” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган алюминий маҳсулотлари намойиш қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дюссельдорф шаҳрида ўтказилган кўргазмада алюминий саноати соҳасидаги дунёнинг етакчи ихтисослашган компаниялари иштирок этди. Тадбир доирасида ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, алюминийни қайта ишлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш, экологик барқарорлик ва инновацион технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Навоий эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Benkam” корхонаси кўргазмада қурилиш индустрияси, қуёш энергетикаси, транспорт ва саноат инфратузилмаси учун мўлжалланган алюминий профилларини тақдим қилди.
Компания экспозицияси халқаро ишбилармон доиралар вакилларини Ўзбекистонда замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган, турли саноат тармоқлари эҳтиёжларига мослаштирилган маҳсулотлар билан таништириш имконини берди.
Кўргазма давомида корхона вакиллари хорижий компаниялар, саноат буюртмачилари ва салоҳиятли ҳамкорлар билан B2B форматида қатор учрашувлар ўтказди.
Мулоқот давомида халқаро кооперацияни кенгайтириш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган алюминий маҳсулотларини Европа ва Шимолий Америка бозорларига етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилинди.
Вакилларимизнинг “ALUMINIUM 2026” кўргазмасида иштирок этиши Ўзбекистоннинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш салоҳиятини халқаро миқёсда намойиш этиш, “Made in Uzbekistan” брендининг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ва хорижий саноат компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имконият яратди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси