Чанша шаҳрида Бухоро вилояти ва Хитойнинг Хунань провинцияси бизнес-форуми ўтказилади

ЧАНША, 11 май /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консулхонаси томонидан Хитойнинг Хунань провинцияси ташқи ишлар ва тижорат департаментлари ҳамда халқаро савдони рағбатлантириш қўмитаси раҳбарияти билан учрашувлар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар давомида иқтисодий дипломатияни фаол тарғиб қилиш, ҳудудлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро алмашинувларни янада самарали ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Хусусан, Бухоро вилояти делегациясининг Хунань провинциясига бўлажак ташрифи доирасида Чанша шаҳрида маҳаллий компаниялар иштирокида “Бухоро вилояти – Хунань провинцияси: иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида йирик бизнес-форум, шунингдек G2B ва B2B форматида учрашувларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, провинциядаги “International Youth Entrepreneurship” ва “Changsha Medical Devices Industry” уюшмалари билан ҳамкорликда 20 дан ортиқ компания иштирокида “Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий имкониятлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда иштирокчиларга мамлакатимизда яратилган қулай ва хавфсиз бизнес муҳити, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти, саноат тармоқларининг инвестициявий жозибадорлиги ҳамда эркин иқтисодий зоналарда инвесторлар учун тақдим этилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашувлар якунида хитойлик тадбиркорлар Ўзбекистон делегацияларининг Хунань провинциясига ташрифлари доирасида музокаралар ўтказиш ва ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




