Ўзбекистон делегацияси Саутгемптонда муҳим музокаралар ўтказди

Май 11, 2026. 13:30 • 3 дақ

106
Ўзбекистон делегацияси Саутгемптонда муҳим музокаралар ўтказди
Ўзбекистон делегацияси Саутгемптонда муҳим музокаралар ўтказди
Ўзбекистон делегацияси Саутгемптонда муҳим музокаралар ўтказди

ЛОНДОН, 11 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Буюк Британиянинг Саутгемптон шаҳрига амалий ташрифи амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу хизмат сафари Буюк Британиянинг турли ҳудудлари билан савдо, инвестиция, маданий-гуманитар ҳамда олий таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.

Саутгемптон Англиянинг жанубида, Хэмпшир графлигида жойлашган йирик порт шаҳар бўлиб, барқарор ривожланиб бораётган иқтисодий марказ ҳисобланади. Шаҳар иқтисодиёти ҳажми тахминан 10 миллиард фунт стерлингни ташкил этади. Бу ерда 115 мингдан ортиқ иш ўрни мавжуд бўлиб, 7 400 дан зиёд компания фаолият юритади.

Мазкур шаҳар дунё миқёсида денгизчилик маркази сифатида танилган ва Буюк Британиянинг энг йирик круиз портларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили бу порт орқали тахминан 2 миллион йўловчи саёҳат қилади. Денгизчилик ва логистика соҳаси мамлакат иқтисодиётига йилига қарийб 2,5 миллиард фунт ҳисса қўшади.

Шаҳар таълим ва инновациялар маркази сифатида ҳам машҳур. Бу ерда жойлашган Саутгемптон университети дунёдаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, илмий тадқиқотлар ва инновациялар орқали мамлакат иқтисодиётига йилига 4 миллиард фунтдан ортиқ ҳисса қўшади.

Саутгемптонда саноат, соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва логистика соҳалари яхши ривожланган. Айниқса, транспорт ва омбор хизматлари сўнгги йилларда жадал ўсиб, шаҳарнинг халқаро логистика маркази сифатидаги аҳамиятини янада оширмоқда.

Ташриф давомида Саутгемптон шаҳар лорд мэри, Саутгемптон университети ҳамда “БАТ” компаниясининг Глобал тадқиқот ва ривожлантириш маркази раҳбарияти билан учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Лорд мэр Жеймс Бейли Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, жумладан иқтисодиётни либераллаштириш, ташқи савдони ривожлантириш ва таълим тизимини модернизация қилиш соҳасидаги ўзгаришларни юқори баҳолади. У Саутгемптон ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди. Айниқса, таълим, тиббиёт, туризм ва меҳнат миграцияси соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим эканини таъкидлади.

Саутгемптон университети вице-президенти Филипп Райт билан учрашувда таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистонда Британия таълим стандартларини жорий этиш, қўшма диплом дастурлари (“dual diploma”), франчайзинг асосида дастурларни ташкил этиш, шунингдек ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди.

1862 йилда ташкил этилган Саутгемптон университети “Russell Group” таркибига кирувчи нуфузли тадқиқот университетларидан бири ҳисобланади. У халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келади. “QS World University Rankings 2026” рейтингига кўра, у дунёда 87-ўринни, миллий рейтингларда эса 17-ўринни эгаллаган.

Суҳбат давомида Саутгемптон университети ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва Орол денгизи муаммоси оқибатларини юмшатиш бўйича қўшма тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек ҳамширалар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, “БАТ” компаниясининг Глобал тадқиқот ва ривожлантириш марказига ташриф чоғида компаниянинг чекишни камайтиришга қаратилган глобал стратегияси, илмий ёндашувлари ва инновацион ечимлари билан танишилди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш