Лондонда бўлиб ўтган халқаро форум ва учрашувларда Ўзбекистон таълим тизимини жаҳон стандартларга мослаштириш масаласи муҳокама қилинди
Май 11, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 107ЛОНДОН, 11 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Сардор Раҳимбоев Лондонда бўлиб ўтган халқаро форумда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Форум “British Council”, “Advance HE” ва “Universities UK International” ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда дунёнинг 22 мамлакатидан олий таълим соҳаси ва давлат тузилмалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда университетлар ректорлари иштирок этди.
Учрашувда таълим муассасаларида трансформация жараёнларини самарали бошқариш, сифатни таъминлаш ва халқаро стандартларни сақлаган ҳолда таълим қамровини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ўқув жараёнига рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш, трансмиллий таълим ва халқаро академик мобилликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Университетлар фаолиятининг молиявий барқарорлиги ва уни диверсификация қилиш, шунингдек, инклюзив таълим ҳамда гендер тенглигини таъминлаш соҳасидаги халқаро тажрибага ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида Сардор Раҳимбоев “King’s College London”, “UCL”, “Regent’s University London”, “AMBA & BGA”, “University of York” ҳамда Лондон университетининг “SOAS” коллежи вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистонда халқаро стандартлар асосида таълим сифатини таъминлаш тизимини ривожлантириш, аккредитация жараёнларига хорижий экспертларни жалб этиш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари бўйича фикр алмашди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



