Logo

Энди ўзбек инкубацион тухуми ва қуён гўшти БААга экспорт қилинади

Май 11, 2026. 12:00 • 2 дақ

122
Энди ўзбек инкубацион тухуми ва қуён гўшти БААга экспорт қилинади

АБУ-ДАБИ, 11 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда ташқи бозорларни диверсификация қилиш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқиб, ўзаро манфаатли лойиҳалар сони ортиб бормоқда.

Хусусан, Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси томонидан амалга оширилган музокаралар натижасида БААнинг Иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазирлигидан маҳаллий етиштирилган инкубацион тухум ҳамда қуён гўштини мазкур мамлакат бозорига экспорт қилиш бўйича расмий рухсат олинди. Бу мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун яна бир истиқболли экспорт йўналиши очилганини англатади.

Мазкур қарор, аввало, икки давлат ўртасида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бугунги кунда дунё миқёсида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бораётган бир пайтда, ишончли ва сифатли маҳсулот етказиб берувчи давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳар қандай мамлакат учун стратегик аҳамият касб этади.

Айниқса, БАА бозори юқори харид қобилияти, катта импорт ҳажми ва қатъий сифат талаблари билан ажралиб туради. Бундай бозорга маҳаллий маҳсулотларнинг кириб бориши ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун катта ютуқ бўлиб, уларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини янада оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, инкубацион тухум ва қуён гўшти каби янги турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш миллий экспорт географиясини кенгайтириш, экспорт таркибини диверсификация қилиш ҳамда валюта тушумларини кўпайтириш имконини беради.

Шунингдек ўқинг

Мутахассислар фикрича, қуёнчилик ва паррандачилик соҳаларини ривожлантириш қишлоқ хўжалигида юқори қўшимча қиймат яратишда муҳим ўрин тутади. Бу нафақат экспорт ҳажмини ошириш, балки янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш ва фермер хўжаликларининг даромадини кўпайтиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Умуман олганда, инкубацион тухум ва қуён гўштини БАА бозорига экспорт қилиш бўйича рухсат олиниши мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлиб, у Ўзбекистоннинг халқаро бозорлардаги иқтисодий позициясини мустаҳкамлаш, миллий маҳсулотлар брендини тарғиб қилиш ҳамда икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.


Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш