“Republika”: Ўзбекистон Президентининг Сербияга ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида янги босқични бошлаб беради

Сентябрь 06, 2026. 21:30 • 3 дақ

50
“Republika”: Ўзбекистон Президентининг Сербияга ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида янги босқични бошлаб беради

БЕЛГРАД, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. “Republika” ахборот-таҳлилий порталида Ўзбекистон Президентининг Сербияга бўлажак ташрифига доир мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидлашича, Ўзбекистон Президентининг Сербияга бўлажак ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда янги босқични бошлаб беради.

Сўнгги бир йил ичида Тошкент ва Белград ўртасидаги сиёсий мулоқот сезиларли даражада фаоллашди ва тизимли тус олди. Энди бу сиёсий турткини аниқ савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, таълим ва гуманитар лойиҳаларга айлантириш вазифаси турибди.

2025 йил сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Александр Вучич Пекинда бўлиб ўтган тадбирлар доирасида учрашган эди. Ўзаро муносабатлар ривожида Сербия етакчисининг 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистонга биринчи расмий ташрифи муҳим босқич бўлди.

Икки мамлакат етакчилари музокаралар ўтказиб, Қўшма декларация, иқтисодиёт, инвестициялар, таълим, туризм, меҳнат миграцияси ва бошқа соҳаларни қамраб олган ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар тўпламини имзолади.

Олий даражадаги мулоқотлар 2026 йилда ҳам давом этди. Икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари апрель ойида Анталиядаги Дипломатик форум доирасида учрашган бўлса, май ойида Сербия ташқи ишлар вазири Марко Журич Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Шунингдек ўқинг

Жорий йил май ойида Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич Бокуда яна учрашди, июль ойида эса икки президент ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Август ойида икки давлат ташқи сиёсат идоралари Белградда сиёсий маслаҳатлашувларнинг учинчи раундини ўтказди.

Нашрда ёзилишича, давлатлар ўртасида парламентлараро ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари Сербия Халқ мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ тузди. Сенат Раиси Танзила Нарбаева 2026 йил июнь ойида Белградга, кейинроқ эса “Сербия–Ўзбекистон” парламент дўстлик гуруҳи делегацияси Тошкентга ташриф буюрди.

Икки томонлама савдонинг ҳозирги ҳажми икки мамлакат иқтисодиёти салоҳиятига нисбатан нисбатан анча паст. 2025 йилда товар айирбошлаш ҳажми қарийб 12 миллион долларни ташкил этди, айни пайтда Ўзбекистонда Сербия капитали иштирокидаги тўққизта корхона фаолият юритмоқда. Ушбу рақамлар ўсиш учун катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. 

Буларнинг барчаси икки томонлама муносабатлар мустаҳкам сиёсий ва институционал асосга эга бўлганидан далолат беради. Навбатдаги вазифа иқтисодий ва амалий ҳамкорликнинг бир хил суръатларда ривожланишини таъминлашдан иборат.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш