Ўзбекистон дипломатлари Россиянинг Воронеж вилояти ва Санкт-Петербургда ватандошлар билан учрашди

Сентябрь 06, 2026. 20:00 • 2 дақ

66
Ўзбекистон дипломатлари Россиянинг Воронеж вилояти ва Санкт-Петербургда ватандошлар билан учрашди
Ўзбекистон дипломатлари Россиянинг Воронеж вилояти ва Санкт-Петербургда ватандошлар билан учрашди
Ўзбекистон дипломатлари Россиянинг Воронеж вилояти ва Санкт-Петербургда ватандошлар билан учрашди

ТОШКЕНТ, 6 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатларининг Россиянинг Воронеж вилояти Острогожск туманига хизмат сафари доирасида “Острогожсксадпитомник” корхонаси бош директори Николай Гапоненко ҳамда бу ерда меҳнат қилаётган ҳамюртлар билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, қонуний меҳнат фаолиятини юритишлари учун зарур шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Корхонада ишлаётган ватандошлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда консуллик-ҳуқуқий масалалар, Россия миграция ва меҳнат қонунчилигига риоя этишнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида корхона раҳбарияти билан доимий ишчи ҳамкорликни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Учрашувда мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси дипломатлари ташаббуси билан мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан ватандошлар учун байрам дастурхони ёзилди. Юртдошлар ушбу қутлуғ шодиёна билан табрикланиб, Ватанимизга фаровонлик, муваффақият ва равнақ тиланди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасида ташкил этилган учрашув ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Унда ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев, Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов, Бош консул Абдураҳмон Маҳмудов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов ҳамда ушбу ҳудудда ишлаётган ватандошлар иштирок этди.

Асосий эътибор минтақада меҳнат фаолиятини юритаётган Ўзбекистон фуқароларининг консуллик-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларга зарур ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш ҳамда келиб тушаётган мурожаатларга тезкор муносабат билдиришга қаратилди.

Ватандошларни иш билан таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларига риоя қилиш, муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш ҳамда иш объектларида хавфсизлик чораларини кўриш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида иш берувчи ватандошлар билан яқин ҳамкорликни давом эттириш ва фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан зарур чораларни кўришга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш