Руҳи Эрсой: Ўзбекистон – туркий дунёнинг тамал тоши, қалби ва юрагидир
Январ 10, 2026. 10:15 • 3 дақ
• 146
АНҚАРА, 10 январь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонаси томонидан Туркиянинг Аҳмад Жавад номидаги илмий-тадқиқот институти вакиллари билан Ўзбекистонда 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинганига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давра суҳбатида ўзбекистонлик дипломатлар ва туркиялик экспертлар ўзаро фикр-мулоҳаза алмашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Президентининг парламент ва халққа йўлланган Мурожаатномаси ҳақида сўз юритилди. Вакилларимиз маҳалла тизимида эришилган ютуқлар ва янги таклифлар ҳақида тўхталиб ўтди. Азалдан ўзбек халқи ҳаётида муҳим ўрин тутган маҳалла институти – ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими экани таъкидланди. Янги даврдаги муваффақиятли тизим – “маҳалла еттилиги” модели ҳақида ҳам маълумот берилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон етакчиси ўз Мурожаатномасида маҳалла институтига доир концептуал фикрлар билдирган. 2026 йилни Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” эълон қилиш ташаббусини илгари сурган. Бу ташаббус нафақат Ўзбекистоннинг ўзи учун, балки умумтуркий қадрият бўлган маҳалла тизимини янгидан жонлантириш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
Давра суҳбати давомида таниқли туркшунос олим, Анқарадаги Аҳмад Жавад илмий-тадқиқот институти директори, профессор Руҳий Эрсой Ўзбекистонда маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев доимо эътиборга лойиқ ташаббусларни илгари суриб келган. Айниқса, унинг “Учинчи Ренессанс” ғояси остида ўзбек халқининг маданий меросини асраб-авайлашга қаратилган ҳаракатлари – бутун туркий дунёда алоҳида эътибор билан кузатилмоқда. Шуни айтишим керакки, Ўзбекистон фақатгина Ўзбекистондан иборат эмас. Бу ҳақиқатни туркий дунё ўлароқ қабул қилишимиз керак. Ўзбекистон – туркий дунёнинг тамал тоши, қалби ва юрагидир. Бу заминдаги давлатчилик анъаналари, тартибот ва бошқарувга оид тарихан шаклланган қадриятлар, маданий ва тарихий мерос нуқтаи назарида Ўзбекистон бутун туркий дунёнинг илҳом манбаидир.
Ўзбекистон Президенти чуқур тажрибали ва узоқни кўзлаб иш юритувчи оқил сиёсатчи ўлароқ мамлакатнинг бой меросига таянган ҳолда, ўзига хос миллий демократик моделни яратмоқда. Маҳалла етакчилари, оқсоқоллар ва тажрибали инсонларнинг кўмагидан бошқарувда фойдаланмоқда. Уларнинг таклиф-мулоҳазалари билан жамиятнинг асоси – маҳаллани ривожлантириш бунинг яққол мисоли. Жамиятнинг тараққиёти жиҳатидан бу ташаббус жуда қадрли.
Маҳаллага эътибор – аввало оилани асраш деганидир. Бизнинг маданиятимизда оила – “кичик бир давлат”, “давлат эса – катта бир оила” деб қаралади. Шу жиҳатдан, оилаларни асрашда, арзимаган сабаблар деб хонадонларнинг пароканда бўлишининг олдини олишда маҳалла институти азалдан катта аҳамият касб этган. Ёши улуғларнинг, оқсоқолларнинг насиҳати билан оилалар мустаҳкамланган, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик ортган.
Яна бир жиҳат, маҳаллага эътибор – ёшларга эътибор демакдир. Бугунги рақамли дунё ривожланиб бораётган шароитда ёшларни миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мобил телефон ва компьютер ўйинларига, носоғлом турмуш тарзига боғланишнинг, бузғунчи ҳаракатлар домига тушиб қолишнинг олдини олишда – маҳалладан ишни бошлаш айни муддао.
Қувонарлиси, бунга ўхшаш ташаббуслар Туркияда ҳам мавжуд. Масалан, Президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ташаббуси билан 2026–2035 ўн йиллиги оила қадриятларини кучайтириш учун “Оила ва аҳоли ўн йиллиги” деб эълон қилинди. Шунингдек, Миллатчи ҳаракат партияси етакчиси Девлет Баҳчели ташаббуси билан “Қўшним, аҳволинг қандай?” деб номланган лойиҳа юритилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон бу йил ҳам “Учинчи Ренессанс” ғояси билан бутун туркий дунёга мотивация берувчи тадбирлар билан бизларни хурсанд қилишда давом этишига ишонаман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси