Logo

Қозоғистондан муносабат: Қозоқлар доим қардош ўзбек халқини қўллаб-қувватлаб, муваффақиятларидан қувонган

Январ 01, 2026. 13:34 • 2 дақ

639
Қозоғистондан муносабат: Қозоқлар доим қардош ўзбек халқини қўллаб-қувватлаб, муваффақиятларидан қувонган

ОСТОНА, 8 январь. /“Дунё” АА/. Қозоғистондаги Социология институти директори, социология фанлари доктори, академик Зарема Шаукенова Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламент ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳақида фикр билдирди:

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари анча ривожланди, шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланмоқда. Иқтисодиёт, бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимоя соҳасидаги алоқалар кенгаймоқда.

Президентимиз Қосим-Жомарт Тўқаев давлат ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёевнинг кучли раҳбарлиги туфайли Ўзбекистон кўплаб соҳаларда улкан натижаларга эришгани, муваффақиятли ривожланаётган давлат сифатида бутун дунёга танилганини алоҳида таъкидлади. Кенг кўламли ислоҳотлар натижалари иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, аҳоли фаровонлигининг ошиши, шаҳарларнинг жадал ўзгариши, ҳаётнинг барча соҳалари сифатли ривожланишида ўз ифодасини топмоқда.

Ўзбекистон халқаро майдонда ўз нуфузини сезиларли даражада мустаҳкамлади, минтақавий ва халқаро хавфсизлик ва ҳамкорликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қозоғистонда қардош ўзбек халқини чин дилдан қўллаб-қувватлайди, унинг муваффақиятларидан қувонади.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси ишлаб чиқилиб, қабул қилинганда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилинганди. Бугунги кунда мавжуд салоҳият, олиб борилаётган ислоҳотлар, тадбиркорларнинг фаоллиги, хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликнинг ортиб бораётгани туфайли бу маррага 2026 йилдаёқ эришиш мумкин.

Халқаро валюта жамғармаси ва нуфузли экспертларнинг баҳолари эса Ўзбекистон иқтисодиёти келгуси беш йилда 240 миллиард доллардан зиёдга ўсиши мумкинлиги ҳақидаги прогнозни тасдиқламоқда.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолиятидаги муваффақиятлар яққол кўзга ташланмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, ЮНЕСКО Бош конференцияси сессияси, “Марказий Осиё Европа Иттифоқи” саммити ва Халқаро иқлим форумига мезбонлик қилиб, глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонларини тобора кенгайтирмоқда.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон интеграция жараёнларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматини яратиш ғоясини илгари сурди. Давлатларимиз раҳбарларининг умумий саъй-ҳаракатлари Марказий Осиёнинг мустақил геосиёсий бирлик сифатида мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон етакчиси ўз Мурожаатномасида жаҳонда тобора кучайиб бораётган, яқин-яқингача тасаввур қилиб бўлмайдиган мураккаб шароитлар, иқтисодий манфаатлар тўқнашуви, давлат хавфсизлигига таҳдидлар кучайиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Бундай мураккаб даврда ким самарали ички лойиҳаларни таклиф эта олса ва жаҳон муносабатларининг янги форматида ўз ўрнини белгилай олса, ўша ғолиб бўлиши аниқ.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш