“Daily Gwadar Times” газетаси: Ўзбекистон Президенти Мурожаатномаcида таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари стратегик устувор йўналиш сифатида кўрсатилди
Январ 10, 2026. 10:25 • 3 дақ
• 112
ИСЛОМОБОД, 10 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily Gwadar Times” газетасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов қаламига мансуб ушбу таҳлилий мақолада ёзилганидек, Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган бу галги Мурожаатномаси ўз аҳамиятига кўра ҳар йилги сиёсий Мурожаатнома доирасидан анча кенг. У мамлакатнинг сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига – ислоҳотларни институционал мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган барқарор ўсиш моделини шакллантиришга ўтишини қайд этувчи стратегик ҳужжатдир.
СМТИ директори таъкидлаганидек, сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон иқтисодиёти сифатли ва тизимли янгиланишнинг жадал йўлини босиб ўтди. 2010 йилларнинг ўрталарида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг номинал ҳажми 60-65 миллиард доллар атрофида бўлган, ҳозирга келиб эса бу кўрсаткич Мурожаатномада таъкидланганидек, 145 миллиард долларга етди. Гап тарихдаги мисли кўрилмаган қисқа муддатда мамлакатимиз иқтисодий кўлами икки баробардан зиёд кенгайгани ҳақида бормоқда.
“Ҳа, кейинги йилларда иқтисодиётнинг ўртача йиллик ўсиш суръати барқарор равишда 6 фоиз атрофида сақланиб келмоқда. Бу нафақат ижобий динамиканинг давом этаётганини, балки иқтисодиётнинг ташқи зарбалар – пандемия, хомашё ва логистика занжиридаги узилишлар ҳамда глобал инфляция шароитида ҳам барқарор ўсиш қобилиятига эга эканини англатади”, – дейди муаллиф.
Нашрда таъкидланишича, мурожаатноманинг энг муҳим хусусиятларидан бири давлат ва фуқаролар ўртасидаги алоқанинг ёрқин ифодаси бўлди. Буни, айниқса, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳоли эҳтиёжларига қанчалик мос келаётганида ҳам кўриш мумкин.
Зеро, Мурожаатнома мазмуни таҳлили унинг устувор йўналишлари сўнгги йилларда жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровларда, фуқароларнинг мурожаатларида мунтазам қайд этиб келинаётган муаммоларга тўлиқ мос келишини кўрсатади. Асосий эътибор бандлик, даромад, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти, таълим ва соғлиқни сақлаш сифати, шунингдек, адолат ва давлат бошқарувининг самарадорлигига қаратилган.
Покистон босма нашри маълум қилганидек, 2017-2018 йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси икки хонали рақамлар (тахминан 35 фоиз) билан ўлчанган бўлса, 2024 йилга келиб 8,9 фоизгача камайди. 2025 йилда камбағалликнинг 5,8 фоизгача пасайиши мамлакат бу борада уч йил олдин 2026 йил якуни бўйича режа қилинган мақсадга бир йил олдин эришганини кўрсатади.
Элдор Арипов ёзганидек, фуқароларни эшитишнинг муҳим кўрсаткичи асосий хизматлар сифатига эътибор қаратишдир. “Мурожаатномада таълим, соғлиқни сақлаш ва кадрлар тайёрлаш масалалари иккинчи даражали эмас, балки стратегик устувор йўналиш сифатида кўрсатилган. Бу инсон капитали сифатини ва ижтимоий ҳаракатчанликни оширишга бўлган ҳақиқий ижтимоий талабга мос келади, – деб таъкидлаган у. – Мурожаатнома мазмуни давлат ўз фуқароларини эшитиш ва жамоатчилик кутаётган янгиланишларни стратегик сиёсат элементларига айлантириш қобилиятини биргаликда намойиш этаётгани ҳақида хулоса чиқаришга имкон беради”.
“Daily Gwadar Times” газетасида босилган мақола якунида ёзилганидек, Ўзбекистон Президентнинг парламентга Мурожаатномаси нафақат ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи кун тартибини, балки Ўзбекистоннинг келажакдаги ривожланишининг стратегик матрицасини шакллантиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси