Ўзбекистонда 1 августдан металлургия соҳасини назорат қилиш электрон тизими ишга туширилади

Июль 16, 2026. 16:00 • 2 дақ

91
Ўзбекистонда 1 августдан металлургия соҳасини назорат қилиш электрон тизими ишга туширилади

МОСКВА, 16 июль. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлигида Ўзбекистонда металлургия соҳасини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятида қора металлургия соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда соҳадаги яширин айланмаларни қисқартириш ва назоратни кучайтириш бўйича берган топшириқлари ҳақида сўз юритилган.

Қайд этилишича, мамлакатда ҳар йили “Ўзметкомбинат”га 700 минг тонна атрофида қора металл етказиб берилса-да, яна қарийб 500 минг тонна хомашё расмий ҳисобдан ташқари айланмада қолмоқда.

Шунингдек ўқинг

Шу боис, жорий йил 1 августдан бошлаб металл чиқиндилари ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи “E-com” электрон платформаси ишга туширилади. Шунингдек, ҳукумат ҳузурида рақобат муҳитини ривожлантириш, ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва соҳани мувофиқлаштириш билан шуғулланувчи лойиҳа офиси ташкил этилади.

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистоннинг металл маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи икки баробар ошиб, йилига 5,5 миллион тоннага етган. 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткич 8 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Шу муносабат билан маҳаллий конларни ўзлаштиришни жадаллаштириш ҳамда Тожикистондан ҳар йили 700 минг тонна руда етказиб бериш бўйича келишувни якунлаш вазифаси белгиланган.

Шунингдек, давлат раҳбари томонидан 3D босма технологияларини жорий этиш, чоксиз қувурлар ишлаб чиқариш ва қиймати 100 миллион долларлик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳам топшириқлар берилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш