БААнинг илғор сув тежовчи технологиялари Ўзбекистонда жорий этилиши мумкин
Июль 16, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 98
АБУ-ДАБИ, 16 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари БААнинг “TAQA Water Solutions” компанияси бош директори вазифасини бажарувчи, доктор Нодир Ассад бин Тоҳир билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида сув таъминоти ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда аҳолининг сифатли коммунал хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, сув ресурсларини самарали бошқариш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда “TAQA Water Solutions” компаниясининг илғор тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот якунида томонлар сув хўжалиги соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича амалий мулоқотни давом эттириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини тасдиқлади.
2005 йилда ташкил этилган “TAQA Water Solutions” бугунги кунда бир суткада 1,3 миллион куб метрдан ортиқ оқова сувни тозалайди. Компания қарийб 13 минг километрлик канализация тармоқлари, 40 дан ортиқ тозалаш иншооти ҳамда 260 дан зиёд насос ва кўтариш станцияларини бошқаради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси