Британия инжиниринг компанияси Тошкент вилоятидаги инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиш имкониятларини ўрганмоқда
Июль 16, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 94
ТОШКЕНТ, 16 июль. /“Дунё” АА/. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Буюк Британиянинг етакчи “ARUP” муҳандислик компанияси раҳбарияти билан музокара ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида ҳудуднинг иқтисодий, саноат ва туристик салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида вилоятнинг табиий ва иқтисодий имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Чиноз туманида Сирдарё дарёси бўйлаб замонавий туристик мажмуаларни барпо этиш ҳамда ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Музокараларда томонлар “ARUP” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида йирик инфратузилма объектлари, саноат корхоналари, туристик зоналар ва энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама ўрганиш ҳамда бу борадаги амалий мулоқотларни давом эттиришга келишиб олди.
1946 йилда ташкил этилган “ARUP” компанияси муҳандислик, лойиҳалаштириш, консалтинг ва лойиҳаларни бошқариш соҳаларида фаолият юритади. Компания бугунги кунда дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатида лойиҳаларни амалга ошириб, 37 мамлакатда офисларига эга.
Ўзбекистонда “ARUP” иштирокида 30 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган. Улар қаторида Самарқанд халқаро туризм маркази, “Tashkent City” ишбилармонлик мажмуасидаги конгресс-холл, “Hilton” меҳмонхонаси, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, транспорт ва энергетика инфратузилмаси объектлари бўйича лойиҳалаштириш ҳамда муҳандислик хизматлари ўрин олган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси