Бугун Туркияда БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP31 конференцияси ўз ишини бошлайди

Ноябрь 09, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 43
Бугун Туркияда БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP31 конференцияси ўз ишини бошлайди

ТОШКЕНТ, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Туркиянинг Анталия шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси Томонларининг 31-конференцияси (COP31) ўз ишини бошлайди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлигининг маълум қилишича, конференцияда иштирок этишини 102 та мамлакат етакчиси ва 300 нафардан ортиқ вазир тасдиқлаган. Тадбирда 196 та давлат ва Европа Иттифоқи вакиллари қатнашади.

11–12 ноябрь кунлари Мовий ҳудудда (Blue Zone) Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида етакчилар саммити бўлиб ўтади. Туркиянинг COP31 конференциясидаги раислигини атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум амалга оширади.

Конференция кун тартибига тоза энергетикага ўтиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлимга чидамли шаҳарлар, яшил саноатлаштириш, чиқиндиларни камайтириш, океан ва денгизларни муҳофаза қилиш, барқарор соғлиқни сақлаш тизимларини ривожлантириш каби масалалар киритилган.

Туркия иқлим бўйича мажбуриятларни аниқ амалий ечимларга айлантиришга қаратилган “Амалий ҳаракатлар COP” концепциясини амалга оширишни режалаштирмоқда.

Конференция Мовий ва Яшил ҳудудларга бўлинган, умумий майдони 1,1 миллион квадрат метрни ташкил этувчи ҳудудда ўтказилади. Биринчи ҳудудда давлат делегациялари ва халқаро ташкилотлар иштирокида расмий музокаралар бўлиб ўтади.

Иккинчи ҳудудда эса хусусий сектор, илмий доиралар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда ёшлар вакиллари иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасидаги лойиҳа ва ечимларини тақдим этади.

Яшил ҳудудга 1,5 миллион, Мовий ҳудудга эса қарийб 100 минг киши ташриф буюриши кутилмоқда. COP31 тадбирларида қатнашиш учун 154 та мамлакатдан 45 мингдан зиёд иқлим кўнгиллилари аккредитациядан ўтган.

“Anadolu” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш