Япониянинг Саппоро шаҳрида Ўзбекистон ва Ҳоккайдо префектураси ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Ноябрь 08, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 42
САППОРО, 8 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Япониянинг Ҳоккайдо префектураси маъмурияти вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туристик ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Япон томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудларнинг инвестициявий салоҳияти ва хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу билан бирга, Ҳоккайдо префектурасида Ўзбекистоннинг маданий ва туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йилнинг 21 ноябридан 8 декабрига қадар Хигашикава шаҳрида Япония Фотосуратлар жамияти ва элчихона ҳамкорлигида ташкил этиладиган “Осиё фотографлари – 2026: Марказий Осиё – Ўзбекистон” кўргазмасида мамлакатимиз тарихи, меъморий мероси, табиати ва халқимиз ҳаётини акс эттирувчи фотоасарлар намойиш этилиши қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда Ҳоккайдо префектураси ва Сурхондарё вилояти ўртасида ҳудудлараро алоқаларни жадаллаштириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги шерикликни кенгайтириш ҳамда ўзаро ташрифларни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва алоқаларни изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси