Сердар Чам: Ўзбекистон эришаётган ютуқлар бутун туркий дунё учун фахр-ифтихордир
Август 04, 2026. 11:20 • 3 дақ
• 67
АНҚАРА, 4 август. /“Дунё” АА/. Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Сердар Чам Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади:
– Аввало, қардош ва дўст давлат – Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигини самимий табриклаймиз. Аллоҳ таоло Ўзбекистонга соғлиқ, омонлик, қудрат ва барака ато этиб, яна кўплаб 35 йилликларни нишонлашни насиб этсин.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон илдизлари асрларга бориб тақаладиган давлат. Сўнгги 35 йилда асрларга тенг ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, кейинги ўн йил ичида илм-фан, технологиялар, саноат, иқтисодиёт, туризм ва бошқа соҳаларда амалга оширилган чора-тадбирларга гувоҳ бўлдик.
Шу муносабат билан, аввало, Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев жанобларини, шу билан бирга, бу ютуқларга ҳисса қўшган барча раҳбарлар ва мутахассисларни, умуман, бутун халқни чин қалбдан табриклаймиз. Бу ютуқлар бутун туркий дунё учун фахр-ифтихор ҳисобланади.
Ўзбекистон сўнгги йилларда ҳақиқатан ҳам улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Айниқса, цивилизациямиз гултожи бўлган умумий маданий меросимизни асраш, ривожлантириш ва уни бутун дунёга танитиш йўлида амалга оширилаётган ишлар мамлакатнинг нафақат Туркий дунё, балки бутун ислом олами учун ҳам муҳим марказ эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Қарийб тўққиз йил аввал Шавкат Мирзиёев Анқарага ташриф буюрган вақтда мен Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) раиси сифатида фаолият юритар эдим. Ўша пайтда Шавкат Мирзиёев давлатимиз раҳбаридан мени Ўзбекистонга юбориш, TİKA сифатида Янги Ўзбекистоннинг тараққиётида ўз лойиҳаларимиз билан иштирок этишимиз бўйича фикр алмашган.
Шундан сўнг, Президент мени қабул қилиб, мамлакат келажагига оид қарашлари, мақсадлари ва режаларини баён қилган. TİKA раҳбари бўлган пайтимда ҳам, ҳозир ҳам жаноб Президентнинг мазкур ғояларини амалга оширишга баҳоли қудрат ҳисса қўшишга ҳаракат қилиб келаяпман.
Бугунга келиб, жаноб Президент томонидан ўша пайтда, қарийб ўн йил аввал илгари сурилган улкан марра ва мақсадларнинг амалда рўёбга чиққанини кўриб турибмиз. Ҳақиқий етакчининг белгилаган мақсадларига қандай эришиш мумкинлигини рақамлар, статистик маълумотлар ва амалий натижалар орқали яққол кузатмоқдамиз.
Бугунги кунда дунё катта ўзгариш ва янгиланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Фақат моддий бойлик инсонни бахтли қила олмайди. Руҳий хотиржамлик ва маънавий барқарорлик ҳам жуда муҳим. Ўзбекистонда айнан шу қадриятларни иқтисодиётга, технологияга ва замонавий шаҳарсозликка татбиқ этиш борасида сўнгги ўн йилда жуда катта ишлар амалга оширилди. Бу, албатта, таҳсинга лойиқ.
Туркия фуқароси ва вазирлигимиз вакили сифатида биродар ўзбек халқига тараққиёт йўлида янги, янада улкан ютуқлар ёр бўлиши, Ўзбекистон билан дўстлик алоқаларимиз абадий давом этишини чин дилдан тилайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси