Ўзбекистон ва Малайзия савдо уюшмалари ўртасида меморандум имзоланди
Июль 04, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 94КУАЛА-ЛУМПУР, 4 июль. /“Дунё” АА/. Малайзия кичик ва ўрта бизнес халқаро савдо уюшмаси (SMITA) ҳамда Ўзбекистон “Савдо ва сервис” уюшмаси ўртасида видеоконференцалоқа шаклида Англашув меморандумини имзолаш маросими ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий соҳада ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини алоҳида қайд этди. Элчи мазкур келишув шунчаки расмий ҳужжатлар алмашинуви бўлиб қолмай, балки Ўзбекистон ва Малайзиянинг кичик ва ўрта бизнес экотизимлари ўртасида барпо этилаётган стратегик ҳамкорлик кўприги вазифасини бажаришига ишонч билдирди.
SMITA президенти Меган Су ушбу ҳужжат иккала ташкилот аъзоларига ўзаро бизнес алоқаларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшигини очишини таъкидлади. Малайзия томони икки мамлакатда бўлиб ўтадиган миллий ва халқаро миқёсдаги кўргазмаларда тадбиркорлар иштирокини таъминлаш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун доимий равишда B2B учрашувларни ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Бундан ташқари, Малайзия томони ўзбек маҳсулотларини Жануби-Шарқий Осиё бозорида, хусусан, “Shopee”, “Lazada” ва “TikTok Shop” каби Малайзиянинг энг йирик электрон савдо (e-commerce) платформаларида жойлаштириш ва кенг тарғиб қилишга тайёрлигини маълум қилди.
“Савдо ва сервис” уюшмаси раиси Зафар Ҳошимов мазкур меморандумнинг имзоланиши икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини қайд этди. Ушбу келишув чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари учун янги бозорларни кашф этиш ва илғор хорижий тажрибани ўзлаштиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Тадбир якунида SMITA ва “Савдо ва сервис” уюшмаси раҳбарлари Англашув меморандумини тантанали равишда имзоладилар. Эришилган келишувга мувофиқ, томонлар ўзаро бизнес-миссияларни тизимли равишда ташкил этиб борадилар. Хусусан, жорий йилнинг сентябрь ойида Малайзия етакчи компаниялари ва SMITA вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг Ўзбекистонга амалий ташрифини ташкил этиш белгилаб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



