Қирғизистон матбуоти: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг асосий ташаббускорига айланмоқда
Июль 25, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 44
БИШКЕК, 25 июль. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Alliance press” ахборот-таҳлилий агентлигида Ўзбекистоннинг минтақавий мулоқот майдонларини ривожлантиришдаги ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, 2025 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжоннинг минтақавий мулоқотда тўлақонли иштирокини таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мавжуд маслаҳатлашув форматини стратегик аҳамиятга эга бўлган “Марказий Осиё ҳамжамияти”га айлантириш ташаббусини илгари сургани таъкидланган.
Нашрда Ўзбекистон томонидан 2035 йилгача мўлжалланган минтақавий савдо дастурини ишлаб чиқиш, ягона инвестиция маконини шакллантириш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенгаш тузиш ташаббуслари илгари сурилгани ҳам алоҳида эътироф этилган.
2025 йилда Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан ўзаро савдо ҳажми 8,3 миллиард АҚШ долларига етган бўлса, 2017–2025 йиллар давомида Озарбайжон билан товар айирбошлаш ҳажми 9,5 баробар ошиб, 307,3 миллион АҚШ долларига етган.
Материалда Каспий денгизи ва Озарбайжон орқали ўтувчи Ўрта йўлак Кавказ, Туркия ва Европа бозорларига чиқиш учун муҳим муқобил транспорт йўналиши сифатида баҳоланган. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб мазкур йўлак орқали юк ташиш ҳажми уч бараварга ошиши, етказиб бериш муддати эса икки баробар қисқариши мумкин.
“Alliance press” хулосасига кўра, мазкур форматнинг келгуси самарадорлиги транспорт соҳасидаги ҳамкорликни саноат кооперацияси, хусусан, йўлак бўйлаб қўшма ишлаб чиқариш зоналарини ташкил этиш ташаббуслари билан бойитишга боғлиқ бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси