Минтақавий рақобатдан барқарор интеграция сари
Июль 09, 2026. 16:30 • 5 дақ
• 111
ТОШКЕНТ, 9 июль. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг Сент-Эндрюс университети профессори, Марказий Осиё бўйича таниқли тадқиқотчи Филиппо Коста Буранеллининг “Марказий Осиёда ўзаро боғлиқлик “тизимли тафаккур” сифатида” сарлавҳали таҳлилий мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Олим кўп йиллар давомида Марказий Осиёдаги халқаро сиёсий жараёнларни тадқиқ этиб келмоқда. У минтақавийлик, халқаро тартиб Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсатига оид кўплаб илмий мақолалар ва монографиялар муаллифи ҳисобланади. Халқаро муносабатларни таҳлил қилишда конструктивистик ва тизимли ёндашув тарафдори бўлган муаллиф Марказий Осиёда кечаётган замонавий интеграция жараёнларига янгича консептуал ёндашувни илгари суради.
Муаллифнинг қайд этишича, сўнгги қарийб ўн йил давомида Марказий Осиё мисли кўрилмаган даражадаги минтақавий жипслашувни намоён этмоқда. Ушбу жараён давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг деярли барча йўналишлари – дипломатия, савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт, экология, саноат, хавфсизлик, таълим ва гуманитар соҳаларни қамраб олмоқда. Филиппо Коста Буранелли фикрича, мазкур жараён вақтинчалик ёки вазият тақозоси эмас, балки стратегик хусусиятга эга бўлиб, минтақавий тараққиётнинг мутлақо янги моделини шакллантираётганидан далолат беради.
Мақоланинг илмий аҳамияти, аввало, унда илгари сурилган янги концептуал ёндашувларда намоён бўлади. Хусусан, муаллиф “тизимли тафаккур” тушунчасини илмий муомалага киритиб, уни миллий манфаатларнинг анъанавий талқинига қарама-қарши қўяди. Агар халқаро муносабатларнинг классик назариясида давлатлар, асосан, ўз манфаатларидан келиб чиқадиган субъектлар сифатида талқин этилса, тизимли тафаккур узоқ муддатли миллий манфаатларга бутун минтақавий тизим барқарорлигини мустаҳкамлаш орқали самаралироқ эришиш мумкинлигини англатади. Бошқача айтганда, давлатлар минтақада барқарорлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни сақлашни ҳар бир мамлакат хавфсизлиги ва равнақини таъминловчи мустақил қадрият сифатида англай бошлайди.
Муаллифнинг яна бир муҳим консептуал ёндашуви боғлиқлик тушунчасининг кенг талқин қилинишидир. Унинг таъкидлашича, боғлиқликни фақат транспорт инфратузилмаси, логистика йўлаклари ёки савдо йўналишлари билан чеклаб бўлмайди. Бу, аввало, жамиятлар, институтлар, сиёсий қадриятлар ҳамда минтақанинг умумий келажаги ҳақидаги тасаввурлар ўртасидаги чуқур ўзаро боғлиқликни ифодалайди.
Шу боис боғлиқлик нафақат автомобиль ва темир йўллар, энергетика лойиҳалари, балки сиёсий мулоқот, таълим соҳасидаги ҳамкорлик, олий таълим муассасалари ва илмий доиралар ўртасидаги алоқалар, парламентлараро мулоқот, ёшлар ташаббуслари, маданий алмашинувлар, трансчегаравий ҳамкорлик ҳамда экологик муаммоларни биргаликда ҳал этишни ҳам қамраб олади. Муаллиф талқинида боғлиқлик тараққиёт воситасидан кўра кенгроқ маънога эга бўлиб, минтақавий тартибнинг асосий тамойилига айланади.
Мақоланинг асосий хулосаларидан бири Марказий Осиёдаги хилма-хилликка бўлган ёндашув тубдан ўзгарганидир. Агар аввал иқтисодий ривожланиш даражаси, сиёсий моделлар ва миллий манфаатлардаги тафовутлар интеграция йўлидаги тўсиқ сифатида баҳоланган бўлса, бугунги кунда минтақа давлатлари ушбу хилма-хилликни ўзаро бир-бирини тўлдирувчи устунлик ва ҳамкорлик омили сифатида қабул қилмоқда. Айнан ана шу фарқлар давлатларга ўз суверенитетини тўлиқ сақлаган ҳолда бир-бирини янада кучайтириш имконини бермоқда.
Шу нуқтаи назардан, муаллиф Марказий Осиё давлатлари минтақавий ҳамкорликни суверенитетни чекловчи омил сифатида эмас, аксинча, уни мустаҳкамлашнинг муҳим механизми сифатида баҳолаётганини қайд этади.
Миллий манфаатлар эндиликда минтақавий манфаатларга қарама-қарши қўйилмаяпти. Чунки минтақа барқарорлиги ҳар бир давлат хавфсизлиги ва тараққиётининг муҳим шартига айланмоқда. Натижада, миллий манфаатларни инкор этмайдиган, балки уларни уйғунлаштирадиган “минтақавий манфаат” тушунчаси шаклланмоқда.
Мақолада минтақавий интеграциянинг инсон омилига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Муаллифнинг фикрича, айнан инсонлар ўртасидаги алоқалар узоқ муддатли ҳамкорликнинг энг мустаҳкам асосини яратади. Бунга Марказий Осиёда умумий таълим маконининг шаклланиши, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг кенгайиши, ректорлар ва тарихчилар форумларининг ўтказилиши, академик алмашинувларнинг ривожланиши, ёшлар сиёсати, маданий алоқалар ҳамда трансчегаравий ҳамкорликнинг фаоллашуви яққол мисол бўла олади.
Муаллифнинг таъкидлашича, айнан ушбу жараёнлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва Марказий Осиёнинг умумий келажаги учун масъулият ҳиссига асосланган янги минтақавий ўзликни шакллантирмоқда.
Шунингдек, мақолада тизимли боғлиқлик тамойили экологик сиёсат, сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгариши кун тартиби ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш каби йўналишларда ҳам тобора яққол намоён бўлаётгани қайд этилади. Бундай масалалар эндиликда алоҳида давлатлар сиёсатининг йиғиндиси сифатида эмас, балки минтақа мамлакатларининг умумий масъулияти ифодаси сифатида қаралмоқда.
Тадқиқотда Ўзбекистоннинг минтақавий жараёнлар трансформациясидаги ўрни алоҳида таҳлил қилинади. Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат ташқи сиёсатининг янгича йўналишга ўтиши Марказий Осиёда ижобий ўзгаришларнинг асосий омилига айланди.
Яхши қўшничилик тамойилининг ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгиланиши, қўшни давлатлар билан сиёсий мулоқотнинг фаоллашуви ҳамда минтақа хавфсизлиги ва фаровонлиги учун умумий масъулият ғоясининг илгари сурилиши мутлақо янги ишонч муҳитини шакллантирди.
Тадқиқотчининг баҳолашича, айнан шу сиёсий ёндашув рақобатга асосланган минтақавийлик моделидан давлатлар Марказий Осиёни ягона сиёсий макон сифатида англай бошлаган кооператив плюрализм моделига ўтишга замин яратди.
Мақоланинг муҳим хулосаларидан бири шундан иборатки, бугунги кунда Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик изчил ривожланибгина қолмай, балки ортга қайтариб бўлмайдиган тус олмоқда. Муаллиф ушбу жараённи ўзаро боғлиқлик, ишонч, суверенитетни ҳурмат қилиш ҳамда минтақа тараққиёти учун умумий масъулият тамойилларига асосланган янги минтақавий тартиб шаклланаётганининг яққол ифодаси сифатида баҳолайди.
Шу нуқтаи назардан, боғлиқлик эндиликда алоҳида сиёсий йўналиш эмас, балки инфратузилма лойиҳалари, иқтисодий ҳамкорлик, гуманитар алоқалар ва сиёсий мулоқотни ягона барқарор ривожланиш концепцияси доирасида бирлаштирувчи минтақавий тизимнинг фундаментал тамойилига айланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси