Самарқандда “Биродар шаҳарлар – барқарор ривожланиш ва халқ дипломатиясининг янги модели” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди
Июль 25, 2026. 15:30 • 4 дақ
• 59САМАРҚАНД, 25 июль. /“Дунё” АА/. Кеча Самарқанд шаҳрида “Биродар шаҳарлар – барқарор ривожланиш ва халқ дипломатиясининг янги модели” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Анжуман биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқ дипломатияси механизмларини кучайтириш ҳамда халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш мақсадида ташкил этилди. Унда 20 га яқин хорижий мамлакатлардан эксперт ва мутахассислар, шаҳар маъмурияти вакиллари, Ўзбекистондаги хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари (онлайн ва офлайн форматда), шунингдек давлат ва жамоат ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мазкур халқаро илмий-амалий конференция шаҳарлар ўртасида халқ дипломатияси асосида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, унинг доирасида маданият, таълим, туризм, иқтисодиёт, экология ва инновациялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, анжуман халқлар ўртасида ўзаро тушуниш ва ишончни мустаҳкамлаш, миллий қадриятлар ҳамда урф-одатларни ҳурмат қилиш орқали тинчлик ва барқарор тараққиётга ҳисса қўшишга хизмат қилди.
Конференция доирасида ялпи мажлис ҳамда учта мавзули сессия ўтказилди.
Ялпи мажлис: “Биродар шаҳарлар – барқарор ривожланиш ва халқ дипломатиясининг янги модели” Ялпи мажлиснинг асосий мақсади – биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни халқ дипломатиясининг муҳим механизми сифатида илмий ва амалий жиҳатдан муҳокама қилиш, маҳаллий даражадаги халқаро алоқалар орқали халқлар ўртасида ўзаро ишонч, маданий яқинлик ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Биринчи сессия: “Биродар шаҳар ва ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорлик” Мазкур сессия доирасида биродар шаҳарлар ва ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Сессияда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш кооперациясини йўлга қўйиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр ва таклифлар билдирилди. Шунингдек, биродар шаҳарлар ўртасида кичик ва ўрта бизнес субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, инновацион иқтисодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудлараро шерикликни аниқ амалий натижаларга йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сессия ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилашда муҳим мулоқот майдони бўлди.
Иккинчи сессия “Биродар шаҳарлараро фан-таълим, технология ва инновациялар ҳамкорлигининг истиқболлари” мавзусига бағишланди. Унда биродар шаҳарлар ўртасида илм-фан, таълим, рақамли технологиялар ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Сессия давомида олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва инновацион ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, академик алмашинув дастурларини ривожлантириш ҳамда ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун янги имкониятлар яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, “ақлли шаҳар” (smart city) технологиялари, замонавий бошқарув тизимлари, экологик инновациялар ва рақамли ечимларни жорий этиш борасидаги халқаро тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сессияда билим ва тажрибани умумлаштириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда шаҳарларнинг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган янги механизмларни шакллантириш каби мавзулар қамраб олинди.
Учинчи сессия “Туризм – биродар шаҳарлар глобал тармоғини ривожлантиришнинг стратегик воситаси” мавзусига бағишланди. Ушбу учрашув давомида туризм соҳаси биродарлашган шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш ҳамда халқ дипломатияси имкониятларини кенгайтиришнинг асосий йўналиши сифатида муҳокама этилди.
Сессия доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, туризм салоҳияти ва замонавий туризм имкониятларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, хорижий шаҳарлар билан қўшма туристик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги йўналишларни шакллантириш масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар томонидан туризм, маданият ва иқтисодий ҳамкорликни уйғунлаштириш, шаҳарлар ўртасида сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш, умумий туристик йўналишлар яратиш, миллий қадриятлар ва маданий меросни кенг тарғиб қилиш бўйича фикрлар билдирилди.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Биродар шаҳарлар – барқарор ривожланиш ва халқ дипломатиясининг янги модели” халқаро илмий-амалий конференцияси шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқ дипломатияси имкониятларини кенгайтириш ва халқаро тажриба алмашинувини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Анжуман доирасида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар иқтисодиёт, таълим, инновация, туризм ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади. Мазкур конференция биродар шаҳарлар ўртасидаги дўстлик ва ишонч ришталарини мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт йўлида янги имкониятларни яратиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





