Покистон ОАВ: Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда
Февраль 10, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 86ИСЛОМОБОД, 10 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Diplomatic Affairs”, “The Gulf Observer”, “CPEC News”, “Media Online Today”, “The World News”, “Sub News”, “Diplomats World”, “Pakistan in the World”, “Times of Central Asia”, “Daily Sub News”, “Islamabad Post” каби ОАВда Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлиги, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида саноат-инвестиция коридорини шакллантириш бўйича туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда Ўзбекистон ва Покистон савдо, инвестициялар ҳамда саноат кооперациясига таянган ҳолда стратегик ҳамкорликни изчил ривожлантираётгани таъкидланган. Сўнгги йилларда ўзаро алоқалар тизимли ва барқарор тус олди, эришилган натижалар эса катта амалга оширилмаган салоҳият мавжудлигини кўрсатмоқда. Шаклланган институционал база ва қўшма лойиҳаларнинг фаоллашуви савдо ва инвестициялар ҳажмини янада жадал ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратмоқда.
Маълум қилинишича, 2025 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 446 миллион долларни ташкил этиб, 9,4 фоизга ошди. Ўзбекистон экспорти 325 миллион долларга етди, ижобий савдо баланси эса 200 миллион доллардан ошди.
Савдо тузилмаси иқтисодиётларнинг аграр-саноат жиҳатдан ўзаро тўлдирувчанлигини акс эттиради. Ўзбекистоннинг Покистонга экспорти асосан дуккакли экинлар ҳиссасига тўғри келади (тахминан 70 фоиз), дон маҳсулотлари, пахта ип-калава, транспорт хизматлари, айрим турдаги қишлоқ хўжалиги хомашёси ва кимё маҳсулотларини ўз ичига олади. Покистондан импорт эса асосан фармацевтика маҳсулотлари, озиқ-овқат (картошка ва гўшт), металлургия буюмлари, тўқимачилик маҳсулотлари, енгил саноат товарлари ҳамда тиббий ускуналардан иборат.
“Инвестициявий ҳамкорлик янги тизимли босқичга чиқди. 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 230 та корхона фаолият юритмоқда, шундан 80 таси ўтган йилнинг ўзида ташкил этилди. Йирик лойиҳалар қаторида Наманган вилоятида 72 миллион долларлик “Diamond Group” иштирокидаги тўқимачилик кластери ҳамда Сирдарё вилоятида 25 миллион долларлик “Getz Pharma” фармацевтика заводи бор”, – дейилади материалларда
Покистон ОАВ хабар қилганидек, 2026 йил 2 февраль куни Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг ўнинчи йиғилиши ҳамкорликка қўшимча туртки берди. Покистон томони Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги асосий ва устувор ҳамкор сифатида кўраётганини расман маълум қилди ҳамда барча йўналишлар бўйича тизимли иш олиб бориш учун алоҳида ички қўмита тузди.
“Ўзбекистон–Покистон муносабатлари оддий савдо алмашинувидан комплекс инвестицион-саноат архитектурасини шакллантириш босқичига ўтмоқда. Мавжуд динамика сақланиб қолган тақдирда, икки миллиард долларлик товар айирбошлаш маррасига эришиш стратегик жиҳатдан асосли ва тўлиқ эришиладиган мақсад ҳисобланади”, – дея қайд этилган мақолаларда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



