Покистон ОАВ: 2025 йилда ТДТ минтақасидан Ўзбекистонга келган сайёҳларнинг умумий сони 6,15 миллион кишидан ошди
Октябрь 19, 2026. 21:00 • 3 дақ
• 102
ИСЛОМОБОД, 19 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг туркий давлатлар ўртасида ўзаро боғлиқ туризм йўналишларини ташкил этиш бўйича ташаббусларини кенг ёритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “Daily Financial Time”, “The Daily Morning News”, “The Daily News Lark”, “The Azb”, “Imroze Pakistan” нашрларида “Туркий дунё – Евроосиёдаги энг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бири” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди.
Мақолаларда сўнгги йилларда туризм Ўзбекистонда стратегик ривожланиш йўналишларидан бирига айлангани таъкидланган. Туризм нафақат иқтисодиёт, балки халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий алмашинув ва халқ дипломатиясини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо бўлган қардош мамлакатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш биз учун алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон 2019 йилда Туркий давлатлар ташкилотига қўшилганидан буён туризм соҳасидаги ҳамкорликда барқарор ижобий ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Соҳага масъул идоралар ўртасида мунтазам мулоқот олиб бориш учун платформа шакллантирилди, ягона туристик маконни вужудга келтиришга хизмат қилувчи қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Энг муҳим қадамлардан бири ТДТ Туризм кенгашининг ташкил этилиши бўлди.
Нашрларда амалий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида “Буюк ипак йўли” ягона туристик маршрути эътироф этилган. Ушбу йўналиш туркий цивилизациянинг энг муҳим маданий ва тарихий марказларини – Самарқанд, Бухоро ва Хивадан тортиб, Боку, Олмаота, Бишкек ва Анқарагача бўлган шаҳарларни бирлаштиради. Мазкур маршрут бўйлаб саёҳат қилувчи сайёҳлар мамлакатларнинг бой мероси, меъморий ёдгорликлари, анъаналари ва миллий таомлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.
Туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон ва ТДТнинг бошқа мамлакатлари университетлари билан талабалар алмашинуви, амалиётлар, семинарлар ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш масалаларида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бундай ҳамкорлик нафақат касбий алоқаларни мустаҳкамлайди, балки халқлар ўртасидаги маданий ўзаро англашувни ҳам ривожлантиради.
Виза режимини енгиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон ва ТДТ мамлакатлари ўртасидаги икки томонлама келишувлар натижасида визасиз сафарлар йўлга қўйилди.
“Буларнинг барчаси, энг аввало, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимининг мунтазам ортишига хизмат қилмоқда. Хусусан, 2025 йил давомида ТДТ минтақасидан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳларнинг умумий сони 6,15 миллион кишидан ошди”, – деб хабар қилинган нашрларда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси