Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказилди
Ноябрь 26, 2026. 19:00 • 3 дақ
• 70
БОҒДОД, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари томонидан Бағдод ва Эрбил шаҳарларида қатор учрашув ва музокаралар ўтказилиб, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини Ироқ бозорига олиб чиқиш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бағдод шаҳрида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси вакили иштирокида Ироқнинг тегишли вазирликлари раҳбарияти билан ўтказилган учрашувларда электротехника маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ироқ электр энергетикаси вазири ўринбосари Муҳаммад ал-Туфайли билан музокараларда эса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган трансформаторлар, электр энергиясини ҳисоблаш ва назорат қилиш ускуналари ҳамда ташқи ёритишни автоматлаштирилган бошқариш тизимларини Ироқ бозорига етказиб бериш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, маҳаллий давлат тендерларида иштирок этиш имкониятлари ўрганилди.
Қурилиш, уй-жой ва муниципал хўжалиги вазири ўринбосари Али Абдел Амир билан учрашувда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган лифтларни Ироқ биноларига ўрнатиш, ичимлик суви таъминоти соҳасида замонавий технологиялар ва ускуналарни жорий этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сув таъминоти йўналишида қўшимча учрашув ташкил этишга келишиб олинди.
Ироқ Нефть вазирлиги вакиллари билан мулоқотда мамлакатимиз электротехника маҳсулотларини нефть-газ тармоғи эҳтиёжлари учун етказиб бериш, давлат харидларида қатнашиш, газ ҳисоблагичларини экспорт қилиш ва уларни маҳаллий бозорда ишлаб чиқариш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон маҳсулотларини Ироқ бозорида кенг тарғиб қилиш мақсадида Эрбил шаҳрида ҳам муҳим тадбирлар амалга оширилди. Савдони ривожлантириш компанияси билан ҳамкорликда “Agro Pack Food Iraq 2026” халқаро озиқ-овқат ва ичимликлар кўргазмасида юртимиз корхоналарининг иштироки таъминланди.
Элчихона кўмагида 90 квадрат метр майдонда ташкил этилган Ўзбекистон миллий павильонида мамлакатимизнинг ўз брендларига эга 10 та озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхонасининг маҳсулотлари намойиш этилди. Ушбу кўргазмада жами 400 та компания иштирок этиб, уларнинг 60 фоизини 20 дан ортиқ давлатдан келган хорижий компаниялар ташкил этди. Тадбирга 15 минг 800 нафардан ортиқ соҳа мутахассиси келгани ўзбек маҳсулотларини янги харидорлар ва ҳамкорларга танитиш учун кенг имконият яратди.
Эрбил шаҳрида Курдистон Савдо-саноат палаталари федерацияси президенти Саид Азиз Гилани билан учрашув ўтказилиб, Ўзбекистон савдо уйи фаолиятини йўлга қўйишнинг ташкилий масалалари муҳокама қилинди. Мазкур ташаббус келгусида ўзбек ишлаб чиқарувчилари ва Ироқ тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, маҳсулотларнинг маҳаллий бозорга кириб боришини осонлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси