Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва ЕХҲТ медиа соҳасидаги ислоҳотларни муҳокама қилди
Октябрь 26, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 74
ВЕНА, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегацияси Венада ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили, элчи Ян Браату билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ЕХҲТ котибиятида бўлиб ўтган музокаралар чоғида медиа соҳасидаги ислоҳотлар, сўз эркинлиги ва журналистлар хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда медиа соҳасини ривожлантириш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш ва ташкилот доирасидаги халқаро мажбуриятларни бажаришга алоҳида эътибор қаратилди.
“Марказий Осиё билан танишувни илк бор Ўзбекистонга ташрифдан бошлаганман”, деди Ян Браату 2025 йилда юртимизга қилган сафарини ёдга олиб. Унинг сўзларига кўра, ушбу ташриф минтақа билан ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлган.
Учрашув иштирокчилари ОАВ соҳасидаги қонунчиликни халқаро стандартлар ва замонавий технологик талабларга мувофиқ янгилаш, журналистлар касбий фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
ОАВ вакилларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал механизмларини кучайтириш зарурати мулоқотнинг асосий мавзуларидан бири бўлди.
Ўзбекистон журналистларининг касб одоби кодексини ишлаб чиқиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ян Браатунинг фикрича, масъулият, холислик ва ишончлилик тамойилларининг мустаҳкамлаб қўйилиши журналистиканинг касбий стандартларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
У ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг журналистлар хавфсизлиги тўғрисидаги 3/18-сонли қарорида белгиланган мажбуриятларни бажариш, жумладан, қонунчиликни такомиллаштириш ва журналистларнинг эркин фаолият юритиши учун шарт-шароит яратиш борасида Ўзбекистон эришаётган ютуқларни эътироф этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси