Покистон компанияси инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш шароитларини жойида ўрганиш учун Янги Тошкентга ташриф буюради

Октябрь 26, 2026. 10:30 • 2 дақ

• 120
Покистон компанияси инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш шароитларини жойида ўрганиш учун Янги Тошкентга ташриф буюради

ИСЛОМОБОД, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Zaheer Khan Brothers” (“ZKB”) компаниялар гуруҳи ижрочи директори Муҳаммад Камран Саид Хан билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув Ўзбекистон Президенти раислигида 12 октябрь куни Янги Тошкент ҳудудига хорижий инвесторларни жалб этиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилди.

Томонлар “ZKB” компаниясининг Янги Тошкентни барпо этиш лойиҳасида иштирок этиш имкониятлари, узоқ муддатли инвестициявий ва инфратузилмавий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Покистон вакилига Янги Тошкент шаҳрининг ривожланиш концепцияси ва амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимот намойиш этилди. Унда ҳудудда йўллар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, турар жой мажмуалари, маъмурий бинолар, мактаблар, университетлар, истироҳат боғлари ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш ишлари олиб борилаётгани таъкидланди.

Янги Тошкентнинг мамлакатнинг маъмурий, иқтисодий ва ишбилармонлик маркази сифатида шаклланиши хорижий инвесторлар учун узоқ муддатли ва истиқболли имкониятлар яратиши қайд этилди.

Мазкур йирик лойиҳада иштирок этиш истагини билдирган инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан, инвестиция лойиҳасининг тури, ҳажми ва жойлашувидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчилик доирасида тақдим этиладиган солиқ ва божхона имтиёзлари покистонлик тадбиркорда катта қизиқиш уйғотди.

Муҳаммад Камран Саид Ханнинг айтишича, “ZKB” компанияси Покистон, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларда автомагистраллар, кўприклар ва йўл ўтказгичлар, тезкор транспорт тизимлари, метро инфратузилмаси, сув таъминоти ва ирригация тармоқлари, ижтимоий инфратузилма объектлари, кўчмас мулк ва шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта тажрибага эга.

– Компаниямиз Янги Тошкентда транспорт ва муҳандислик тармоқлари, сув таъминоти ва оқова сув тизимлари, турар жой ва тижорат мажмуалари, маъмурий ҳамда ижтимоий объектларни барпо этишдан манфаатдор, – деди у. – Биз Ўзбекистон бозорига тўлақонли инвестор сифатида киришни мақсад қилганмиз. Дастлабки лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши келгусида мамлакатингизнинг бошқа ҳудудларида ҳам йирик инфратузилма лойиҳаларида иштирок этишимиз учун замин яратади.

Учрашув якунида “ZKB” делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, Янги Тошкент дирекцияси ва тегишли ташкилотлар вакиллари билан музокаралар ўтказиш, ер майдонлари ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш шартларини жойида ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш