Туркиядаги биринчи ўзбек мактаби қурилишига тайёргарлик ишлари янада фаоллаштирилади
Октябрь 25, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 124ИСТАНБУЛ, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бош консули Шерзод Абдуназаров Истанбулнинг Бакиркўй тумани маъмурияти раҳбари Айшегюль Овалиўғлу билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган маданий, ижтимоий ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Музокараларнинг асосий мавзуси Бакиркўйда қурилиши режалаштирилган ўзбек мактаби лойиҳаси бўлди. Томонлар ушбу лойиҳанинг Туркияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз фарзандларини, хусусан, ёш авлодни миллий қадриятлар ва она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини таъкидлади.
Лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилади, қурилиш ишлари эса Туркия компаниялари томонидан амалга оширилади. Таълим жараёни Ўзбекистон таълим тизими асосида, ўзбекистонлик ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда ташкил этилади.
Бўлажак мактабга 2026 йил январь ойида Ўзбекистон ва Туркия Президентлари иштирокида тамал тоши қўйилган эди. Ўшандан бери зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва объектни лойиҳалаштириш ишлари олиб борилди.
Учрашув якунида томонлар қурилишни имкон қадар қисқа муддатларда бошлашга келишиб олдилар. Бакиркўй маъмурияти ташаббусни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қурилиш ва ташкилий босқичларда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Шу куни Бош консул Туркия Миллий таълим вазирлиги вакиллари ва Истанбул вилояти Миллий таълим бошқаруви раҳбарияти билан ҳам музокаралар ўтказди.
Учрашувлар якунида Туркия идораси томонидан ўтказилган ўзбек мактаби лойиҳаси экспертизаси хулосаси ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Олинган тавсиялар асосида мактаб лойиҳасини ишлаб чиққан “O‘zgüven” компанияси ходимлари билан ҳам ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

