Британия «Skier & Snowboarder» журнали Ўзбекистонни қишки туризм йўналиши сифатида эътироф қилди
Сентябрь 30, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 53
ЛОНДОН, 30 сентябрь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг “Skier & Snowboarder” журналида Пётр Шепарднинг “Ипак йўли бўйлаб чанғида: Ўзбекистонни кашф этинг” номли мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф Ўзбекистонни нафақат Буюк Ипак йўлининг тарихий йўналиши, балки чанғи ва сноубордда учишни Тошкент, Самарқанд ва Бухорога ташриф билан бирлаштириш мумкин бўлган қишки дам олиш маскани сифатида ҳам таърифлаган.
Нашрда 2019 йил охирида очилган Амирсой тоғ-чанғи курортига алоҳида эътибор қаратилган. Еттита дор йўли (кўтаргич), умумий узунлиги 15 км дан ортиқ бўлган 11 та трасса, сунъий қор қоплаш тизими ва чанғи мавсумининг тахминан 100–120 кун давом этиши қайд этилган.
Мақолада трассалар сифати ва кенглиги, ташриф буюрувчиларнинг нисбатан камлиги, қуруқ иқлим ва чанғи учиш учун мос келадиган қор, фрирайд (эркин учиш) имкониятлари ҳамда чанғи учиш нархи тахминан 20 фунт стерлинг атрофида экани таъкидланган.
Курортнинг сайёҳлик инфратузилмаси, жумладан, меҳмонхоналар ва шалелар, ресторанлар, ҳаммом, сауна, бассейн, муз майдони, квадроцикллар ва қорда юрувчи машиналар ижараси ҳақида ҳам маълумотлар берилган. Ходимларнинг меҳмондўстлиги ва уларнинг инглиз тилига ўқитилаётгани алоҳида қайд этилган.
Материалнинг катта қисми саёҳатнинг маданий қисмига бағишланган. Амирсойдан сўнг Тошкент, Бухоро ва Самарқанд саёҳат қилиш учун сайёҳлик марказлари ўртасидаги қулай темир йўл қатнови мавжудлиги таъкидланган.
Бухоро Пойи Калон мажмуаси, Арк қалъаси ва Сомонийлар мақбараси каби тарихий диққатга сазовор жойлар орқали, Самарқанд эса Буюк Ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири сифатида намойиш этилган бўлиб, Регистон майдонига алоҳида эътибор қаратилган.
Нашрда ўзбек миллий таомлари, жумладан, палов ва тандирда тайёрланадиган таомлар ҳамда анъанавий паловни тайёрлаш жараёнида иштирок этиш имконияти мавжудлиги қайд этилган.
Муаллиф Ўзбекистонни Тян-Шанда тоғ-чанғи дам олишини маданий, тарихий ва гастрономик туризм билан бирлаштириш имконини берувчи қишки йўналиш сифатида эътироф этган. Лондондан Тошкентга тўғридан-тўғри рейслар борлиги ва пойтахтдан Амирсойгача бўлган транспорт қулайлиги алоҳида қайд этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси