Ҳурмуз бўғози бўйича музокараларда АҚШ Эрондан товон пули талаб қилмоқда

Август 11, 2026. 17:00 • 2 дақ

66
Ҳурмуз бўғози бўйича музокараларда АҚШ Эрондан товон пули талаб қилмоқда
“Reuters” агентлиги сурати

ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 11 август. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрондан товон пули талаб қилиши Ҳурмуз бўғозини очиш бўйича келишувга эришиш жараёнини янада мураккаблаштирмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.

Аввалроқ, Теҳрон тинчлик келишувига эришиш учун қатор шартлар, жумладан, товон пули тўлаш, санкцияларни бекор қилиш ва АҚШ томонидан ҳарбий таҳдидларни тўхтатиш талабларини илгари сурган эди. Мазкур шартлар июнь ойида эришилган дастлабки келишувдаги айрим қоидаларга мос келган, бироқ кейинчалик ушбу келишув амалга ошмай қолган.

“Биз 50 йил давомида етказилган зарар учун маблағ талаб қиламиз”, – деди Дональд Трамп. Унинг таъкидлашича, товон пули минтақада ҳалок бўлган тинч аҳоли ва америкалик ҳарбий хизматчилар билан боғлиқ зарарни ҳам қамраб олиши керак.

АҚШ Президенти Эрон Ливан, Сурия, Яман ва Ғазода инсонларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ зарар учун ҳам товон тўлаши лозимлигини билдирди. Бундан ташқари, у 2000 йилда Яманда “USS Cole” кемасига қилинган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган 17 нафар америкалик ҳарбий хизматчининг оилаларига компенсация тўлашни талаб қилди. Айни пайтда мазкур ҳужум учун масъулият Эронга эмас, “Ал-Қоида” террорчилик ташкилотига юкланган.

Ҳозирда Теҳрон Ҳурмуз бўғози орқали қатновни тиклашнинг амалий механизмлари бўйича Ўмон билан музокараларни давом эттирмоқда. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоийнинг маълум қилишича, икки давлат бўғоз орқали ўтадиган янги денгиз йўлаги географик координаталари бўйича келишувга эришган. Бироқ йўлакни ишга тушириш ва бошқариш билан боғлиқ айрим масалалар ҳали якуний ҳал этилмаган.

Шу тариқа, Ҳурмуз бўғози бўйича музокараларда денгиз қатновини ташкил этишга оид айрим амалий масалаларда силжиш кузатилган бўлса-да, АҚШ ва Эроннинг сиёсий талаблари бўйича келишувга ҳали эришилмаган.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш