Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши ХХР ОАВ диққат марказида
Август 16, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 73
ПЕКИН, 16 август. /“Дунё” АА/. “Хитой” журнали Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг стратегик аҳамиятига бағишланган мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, мазкур лойиҳа “аср қурилиши” ҳамда Евроосиёнинг янги транспорт архитектурасининг асосий унсурларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Бу магистраль Шарқ ва Ғарб ўртасидаги энг қисқа қуруқликдаги йўналишлардан бирини шакллантириб, Марказий Осиёнинг халқаро савдодаги ўрнини мустаҳкамлайди. Темир йўлнинг лойиҳавий қуввати йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имконини беради.
Лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон учун йирик транзит маркази мақомини мустаҳкамлаш ҳамда Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа бозорларига чиқиш имкониятини кенгайтириш учун қўшимча шароитлар яратади. Журнал маълумотларига кўра, ушбу йўналиш Хитойдан Европа ва Яқин Шарққа юк ташиш масофасини тахминан 900 километрга, етказиб бериш муддатини эса 7–8 суткага қисқартиради.
Шунингдек, мақолада лойиҳанинг аҳамияти транспорт инфратузилмаси доирасидан анча кенг экани таъкидланган. Темир йўл Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида саноат кооперацияси ва технологик шерикликни кенгайтириш ҳамда янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш учун замин яратади.
Нашр лойиҳанинг сиёсий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратган. Журнал фикрича, лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилиши ишонч ва ўзаро манфаатдорликка асосланган минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичга чиққанини акс эттиради ҳамда Марказий Осиёнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси