Венгрия матбуоти: Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан таълим ва илмий ҳамкорлиги тобора кенгаймоқда
Август 15, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 51
БУДАПЕШТ, 15 август. /“Дунё” АА/. Венгриянинг оммабоп "Origo" янгиликлар порталида Марказий Осиё мамлакатларининг таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда Марказий Осиё мамлакатлари қадимдан билим ва илмий анъаналар алмашинуви маркази бўлиб келгани таъкидланган. Бугун ушбу имкониятларни ШҲТ доирасида қўшма таълим ва илмий-тадқиқот дастурлари орқали янада ривожлантириш таклиф этилмоқда.
Академик мобиллик учун шарт-шароит яратиш, дипломларни ўзаро тан олиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Мақолада Ўзбекистоннинг таълим ва илм-фан соҳасидаги ютуқлари ҳам келтирилган. 2025 йилда мамлакатнинг 250 нафардан зиёд ёш олими хорижий илмий-тадқиқот марказларида амалиёт ўтаган. Магистратура ва докторантурага қабул учун эса 5 250 та ўрин яратилган. 50 мингдан зиёд ёшлар ёшлар технопарклари дастурларида иштирок этган.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан ҳамкорлиги тобора ривожланмоқда. 2025 йилда мамлакатда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари Россия, Беларусь, Қозоғистон, Хитой ва Покистондаги ҳамкорлар билан биргаликда қўшма илмий лойиҳалар тайёрлашда иштирок этган. 140 нафардан зиёд ёш тадқиқотчи ва мутахассис Хитой, Россия, Қозоғистон ва Ҳиндистондаги илмий-таълим марказларида амалиёт ўтаган.
Ёшлар ҳамкорлигига мисол сифатида Тошкентда ўтказилган “Келажак муҳандислари” фестивали доирасида ташкил этилган “ШҲТнинг 100 нафар бўлажак инновацион лидери” халқаро танлови келтирилган. Унда ШҲТ мамлакатларидан талабалар, ёш тадқиқотчилар ҳамда муҳандислик-техника жамоалари иштирок этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси