Султон Раев: Янги Ўзбекистон тажрибаси ўзининг тизимлилиги, мувозанати ва юқори мослашувчанлиги билан аҳамиятлидир

Август 12, 2026. 08:10 • 9 дақ

93
Султон Раев: Янги Ўзбекистон тажрибаси ўзининг тизимлилиги, мувозанати ва юқори мослашувчанлиги билан аҳамиятлидир

ИСТАНБУЛ, 12 август. /“Дунё” АА/. Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби Султон Раев Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди:

– Жаноб бош котиб, Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар бошланганига 10 йил бўлмоқда. Ушбу давр натижаларини қандай баҳолайсиз ва мамлакатда рўй берган қайси ўзгаришлар, Сизнингча, энг аҳамиятли ҳисобланади?

– Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг ўн йиллиги – бу нафақат изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даври, балки давлат ва жамият ҳаётининг мутлақо барча жабҳаларини қамраб олган ҳақиқий тарихий уйғониш – Учинчи Ренессансдир.

Минтақамиздаги жараёнларни кўп йиллардан буён кузатиб келаётган маданият арбоби, ёзувчи ва дипломат сифатида ишонч билан айта оламанки, донишманд аждодларимиз томонидан икки буюк уйғониш даври – IX–XII асрлардаги Биринчи Ренессанс ҳамда XIV–XV асрлардаги Иккинчи – Темурийлар Ренессанси шаклида яратилган шонли тарихий-маданий меросга таяниб, Ўзбекистон очиқлик, модернизация ва етакчилик сари улкан сифат сакрашини амалга оширди.

Бу саъй-ҳаракатлар шарофати билан бугунги кунда биз ушбу қардош мамлакат ва жамиятда яна бир муҳим уйғониш жараёни юз бераётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунда “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари содир бўлаётган воқеликни тўла акс эттириб, янада улуғвор мақсадлар сари илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Мен энг муҳим ўзгаришлар қаторида авваламбор институционал янгиланиш ва инсон қадрига кўрсатилаётган эҳтиромни таъкидлашни истайман. Мамлакат раҳбари томонидан “Инсон қадри учун” фундаментал тамойилининг эълон қилиниши давлат бошқаруви фалсафасини ўзгартириб юборди. Иқтисодиётнинг эркинлаштирилиши, кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳоти, мулк ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши ва тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланиши мамлакат ичида бутунлай янгича ишонч муҳитини шакллантирди.

Маънавий ва маданий юксалиш жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг маркази ва цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўз тарихий миссиясини англаб етди. Миллий мероснинг тикланиши, адабиёт ва санъатнинг қўллаб-қувватланиши, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон ва бошқа қадимий шаҳарлардаги ноёб обидаларнинг реставрация қилиниши бунга яққол мисолдир.

Инсон капиталининг фаоллаштирилгани мактабгача таълимдан тортиб университетгача бўлган таълим соҳасига киритилаётган кенг кўламли инвестициялар, Президент мактабларининг ташкил этилиши, ёшлар ташаббусларининг қўллаб-қувватланиши мамлакат тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Аниқ стратегия, сиёсий ирода ва халқнинг қўллаб-қувватлаши натижасида қисқа тарихий муддатларда ҳам чуқур ва кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш мумкинлигини Ўзбекистон бутун дунёга намойиш этди.

– Ўзбекистон ва ТУРКСОЙ ўртасидаги ҳамкорликнинг қайси натижаларини энг муваффақиятли деб ҳисоблайсиз ва келажакда қандай қўшма лойиҳалар устувор аҳамият касб этиши мумкин?

– Ўзбекистоннинг Халқаро туркий маданият ташкилотига тўлақонли ва тенг ҳуқуқли асосда интеграциялашуви ҳамда тизимли фаоллиги 1993 йилда туркий давлатлар томонидан ташкил этилган ва янги даврдаги илк халқаро туркий гуманитар-маданий ҳамкорлик ташкилоти ҳисобланган тузилмамиз учун муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон ТУРКСОЙ фаолиятига ўзига хос маданий теранлик, бой анъаналар ҳамда юксак даражадаги академик ва ижодий тафаккурни олиб кирди.

Сўнгги йиллардаги ҳамкорлигимизнинг энг муваффақиятли натижалари қаторида қуйидагиларни қайд этган бўлардим.

Хиванинг 2020–2021 йилларда Туркий дунё маданий пойтахти, Қўқоннинг эса туризм пойтахти деб эълон қилиниши халқаро миқёсдаги ёрқин воқеа бўлди. Бу жаҳон ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистоннинг ноёб меъморчилиги ва халқ ҳунармандчилигига жалб қилиш имконини берди. Жорий йилнинг июнь ойида эса Андижон Туркий дунёнинг маданий пойтахти дея эълон қилинди.

ТУРКСОЙ ўз фаолияти ҳамда ҳамкорларимиз томонидан ўтказилаётган тадбирлар доирасида мумтоз меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, ўзбек заминининг Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Райҳон Беруний каби кўплаб улуғ алломалари ҳамда XX аср адабиёти намояндалари Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишланган муҳим тадбирлар, халқаро анжуманлар ва нашриёт лойиҳаларини амалга оширдик.

Самарқандда “Шарқ тароналари”, Термиз ва Нукусда Бахшичилик санъати, Қўқонда Халқаро ҳунармандчилик фестивалларининг мунтазам ўтказиб келинаётгани туфайли Ўзбекистон маданий мулоқот марказига айланди.

Келгусидаги устувор йўналишлар ҳақида сўз юритганда туркий маданий меросни рақамлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни тилга олишимиз лозим. Бугун туркий халқлар қўлёзмалари ва фольклорининг ягона рақамли кутубхонасини ҳамда электрон архивини яратиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Ёш ёзувчилар, рассомлар, киноижодкорлар, реставраторлар, археологлар ҳамда маданий меросни асраш ва ўрганиш бўйича мутахассислар учун қўшма дастурларни йўлга қўйишга эътибор кучайтирилади.

Биргаликда кино лойиҳалар яратиш, театр фестиваллари ўтказиш, туркий дунёнинг буюк мутафаккирлари асарлари асосида тарихий-биографик фильмлар суратга олиш ва спектакллар саҳналаштириш йўлга қўйилади.

– Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири янада очиқ халқаро сиёсатни яратишга қаратилди. Сизнингча, бу ўзгаришлар халқаро ҳамжамиятнинг ишончини мустаҳкамлашга қанчалик ҳисса қўшди?

– Президент Шавкат Мирзиёев томонидан шакллантирилган ва мамлакат атрофида барқарорлик ҳамда очиқлик муҳитини яратишга қаратилган Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсий доктринаси бугун халқаро ҳамжамият томонидан ҳақли равишда самарали минтақавий дипломатиянинг ибратли намунаси сифатида баҳоланмоқда.

Энг асосий ютуқ қўшнилар билан иттифоқдош бўлишдир. Марказий Осиёда прагматик, яхши қўшничилик ва проактив сиёсат юритилмоқда. Ўзбекистон чегараларни демаркация қилиш, сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш, транспорт коммуникациялари бўйича кўп йиллик ўткир масалаларни ҳал этишга ва сунъий тўсиқлардан халос бўлишга муваффақ бўлди. Расмий Тошкент ташаббуси билан йўлга қўйилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари формати минтақани жипслаштириб, уни потенциал хавф-хатарлар зонасидан барқарорлик, ишонч ва умумий ўсишнинг ягона маконига айлантирди.

Айнан мана шу яхши қўшничилик сиёсати Тошкентга нисбатан БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа етакчи халқаро тузилмаларнинг юксак ҳурматга асосланган муносабатини шакллантирди. Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат минтақанинг муҳим давлати, балки конструктив глобал кун тартибини шакллантиришга қодир бўлган, масъулиятли ва ишончли халқаро ҳуқуқий ҳамкор сифатида тан олинмоқда.

– Бугун Ўзбекистон барқарор ривожланиш, “яшил” иқтисодиёт, рақамли трансформация, маданият, адабиёт, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларидаги ташаббусларни фаол илгари сурмоқда. Яқин йилларда ушбу соҳаларда ТУРКСОЙ доирасидаги ҳамкорлик учун қандай имкониятларни кўряпсиз?

– Бугунги кунда маданият ва таълим барқарор ривожланиш ҳамда экологик тафаккур тушунчалари билан чамбарчас боғлиқдир. ТУРКСОЙ Ўзбекистоннинг замонавий устуворликларига мос келадиган қатор лойиҳаларни тайёрламоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш ҳамда уни 34 ҳарфдан иборат Умумтуркий алифбо стандартларига изчил яқинлаштириш борасидаги қадамлар бутун туркий дунё учун фундаментал аҳамиятга эга. ТУРКСОЙ бу тарихий жараённи тўла қўллаб-қувватлайди.

Яқин йилларда биз ҳар томонлама эксперт, илмий-услубий ва ноширлик ёрдамини кўрсатиш ниятидамиз. Бу борада ўзбек ва бошқа туркий тиллар ўртасида бадиий ҳамда илмий адабиётларни транслитерация қилиш ва таржима қилишни синхронлаштириш учун ягона академик стандартларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Янгиланган ёзув асосида қўшма таълим дастурлари, терминологик луғатлар ва матнларнинг электрон корпусларини яратишни режалаштирганмиз. Бу эса туркий халқлар ўртасидаги тил мулоқоти ва ўзаро англашувни сезиларли даражада осонлаштиради.

Оролбўйи муаммоси – бутун туркий дунёнинг умумий дарди ва ташвишидир. Биз ТУРКСОЙ доирасида жаҳон ижодий зиёлилари эътиборини Орол ҳавзаси экологиясига жалб этиш мақсадида Нукус ва Мўйноқда халқаро симпозиумлар, ёзувчи ва рассомларнинг экологик форумларини ўтказишни мақсад қилганмиз.

ТУРКСОЙ таржимонлик ишига сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этишни ҳамда тилларни сақлаб қолишни фаол қўллаб-қувватлайди. Биз инновацион платформалардан фойдаланган ҳолда ўзбек мумтоз адабиёти вакиллари ва замонавий муаллифларнинг асарларини барча туркий халқлар тилларига таржима қилиш учун Ўзбекистон IT-парклари имкониятини ишга солиш ниятидамиз.

Ўзбекистон креатив саноатни ривожлантириш бўйича минтақада тан олинган етакчилардан биридир. Биз Ўзбекистоннинг тарихий марказларини Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Туркиянинг маданий объектлари билан боғлайдиган, масалан, туркий дунёнинг буюк мутафаккирлари изидан трансчегаравий маданий-туристик йўналишларни ишлаб чиқмоқчимиз.

– Сизнингча, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширган ташаббуслардан қайсилари нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё ва бутун халқаро ҳамжамият учун муҳим аҳамиятга эга?

– Тошкентнинг стратегик ташаббуслари орасида глобал аҳамиятга молик учта асосий лойиҳани алоҳида таъкидлаган бўлардим.

Авваламбор, бу Марказий Осиёда ҳамкорликни институционаллаштиришдир. Шу маънода, минтақа мамлакатлари етакчиларининг Маслаҳат учрашувлари механизмининг йўлга қўйилиши фундаментал босқич бўлди. Бу иқтисодий интеграцияга, шаффоф транспорт-логистика йўлакларини яратишга ҳамда минтақанинг 80 миллионлик аҳолиси учун озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлашга замин яратди.

Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги стратегияси муҳим аҳамиятга эга. “Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон” темир йўлини, яъни Трансафғон йўлагини қуриш ташаббуси Евроосиёнинг геоиқтисодий харитасини тубдан ўзгартиришга қодир аср лойиҳасидир. Бу Марказий Осиё давлатларига жаҳон океани портларига чиқиш учун энг қисқа йўлни очиб беради.

Оролбўйи минтақасига қаратилган халқаро ташаббуслар диққат марказида бўлади. Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйининг экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилингани ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси имзолангани маҳаллий атроф-муҳим муаммосини халқаро илмий ва экологик ҳамкорлик лойиҳасига айлантирди.

Маданият соҳасида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу қадам туркий мамлакатлар зиёлилари томонидан юксак эътироф билан кутиб олинди.

– Халқаро экспертлар Янги Ўзбекистон ислоҳотлари тажрибасини минтақадаги кенг кўламли ўзгаришларнинг ёрқин намунаси сифатида кўрмоқда. Сизнингча, бу тажрибанинг қайси жиҳатлари бошқа давлатлар учун алоҳида қизиқиш уйғотади?

– Янги Ўзбекистон тажрибаси ўзининг тизимлилиги, мувозанатлилиги ва юқори мослашувчанлиги билан аҳамиятлидир.

Хорижий давлатлар тезкор иқтисодий ислоҳотларнинг кучли ижтимоий ҳимоя билан уйғунлаштирилгани катта қизиқиш уйғотади. Ўзбекистон вайронкор “шок терапияси”дан воз кечди. Валюта бозорини эркинлаштириш, солиқ ислоҳоти ва хусусийлаштириш жараёнлари ижтимоий ёрдам кўламини манзилли кенгайтириш ҳамда халқ эҳтиёжларини ҳал этишнинг бирламчи бўғини сифатида маҳалла институтини ривожлантириш билан бирга олиб борилди.

Ҳокимият ва жамият ўртасидаги мулоқотда очиқлик тамойили таъминланди. Ўзбекистон Президенти Халқ қабулхоналарининг ўзига хос институти ижтимоий кескинликни юмшатган ва мансабдор шахслар масъулиятини оширган тезкор ҳамда самарали алоқа каналига айланди.

Глобаллашган даврда миллий ўзликни сақлаб қолишга эришилмоқда. Ўзбекистон миллий қадрият, кексаларга эҳтиром, анъана ва она тилига ҳурматни йўқотмаган ҳолда замонавий IT-кластерлар, молия марказлари ва юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини қуриш мумкинлигини кўрсатди. Айнан тарихий илдизларга содиқлик ва келажакка интилиш ўртасидаги узвий мувозанат ушбу тажрибани чинакам ибратли қилиб кўрсатади.

– Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг 10 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз халқи ва раҳбариятига тилакларингиз.

– ТУРКСОЙ ҳамда шахсан ўз номимдан қардош Ўзбекистон халқи ва муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевни ушбу қутлуғ сана билан чин дилдан табриклайман!

Ўзбекистон – ўтмиши шонли, келажаги янада буюк бўлган табаррук заминдир. Сизлар ўтган давр ичида Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини қўймоқдасиз.

Биродар ўзбек халқига тинчлик, мусаффо осмон, сўнмас бирдамлик, фаровонлик ва мустаҳкам саломатлик тилайман!

Янги Ўзбекистон Евроосиёда илм-фан, маданият, тинчлик ва тотувлик таянчи бўлиб, тараққиёт йўлидан ишонч билан одимлашда давом этсин.

Ишончим комилки, яқин йилларда Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёнинг иқтисодий ва маданий локомотиви сифатидаги мақомини мустаҳкамлайди, балки дунёга Улуғбек, Навоий ва Беруний шуҳратига муносиб бўлган буюк олимлар, ёзувчилар, мутафаккирлар ва давлат арбобларининг янги номларини ҳам туҳфа этади.

Дўстлигимиз ва Туркий дунёнинг маданий бирдамлиги кундан-кунга мустаҳкамланиб бораверсин!

Яна бир бор гўзал Ўзбекистонга тинчлик, фаровонлик ва муваффақият тилайман!

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш