Чикагодаги сайёр қабулда 200 нафардан ортиқ ватандошга консуллик ёрдами кўрсатилди
Июнь 12, 2026. 11:30 • 58 сония
• 84ЧИКАГО, 12 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси Чикагода бўлиб ўтган “CABEX 2026” форуми доирасида ватандошлар учун сайёр консуллик қабулини ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қабул давомида ватандошларга консуллик-ҳуқуқий хизматлар кўрсатилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш, фуқаролик, паспорт-виза тартиб-таомиллари ва бошқа масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Тадбирда жами 200 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси иштирок этди. Мурожаат қилувчиларга қатор масалаларни ҳал этишда зарур маслаҳатлар ва амалий ёрдам кўрсатилди.
АҚШ қонунчилигига риоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Фуқароларга ўзлари истиқомат қилаётган мамлакат қонунлари, маҳаллий анъаналар ва умум эътироф этилган хулқ-атвор меъёрларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш муҳимлиги тушунтирилди.
Учрашув иштирокчилари сайёр қабул ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналаридан узоқда яшовчи фуқаролар учун бундай тадбирлар жуда зарур эканини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

