Туркиялик таниқли журналист Ўзбекистон бўйлаб қилган сафари таассуротлари билан ўртоқлашди
Июнь 12, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 84
АНҚАРА, 12 июнь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг нуфузли “Sabah” газетасида таниқли журналист Йилмаз Билгеннинг Ўзбекистонга сафари, Тошкент, Самарқанд ва мамлакатнинг бошқа тарихий шаҳарларидан олган таассуротларига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда муаллиф Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ҳақида сўз юритиб, минтақанинг энг қадимий ва ҳайратланарли шаҳарларидан бири бўлган Самарқандга алоҳида тўхталиб ўтган. Асосий диққатга сазовор жойлар қаторида Амир Темур мақбараси ва Регистон меъморий ансамбли қайд этилган. Журналист уни “Дунё мўъжизаси” ҳамда мамлакатнинг кўп асрлик тарихи рамзларидан бири сифатида таърифлайди.
Муаллиф хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистон маданий меросига қизиқиши юқори эканига эътибор қаратиб, мамлакат тарихий обидалари ҳар йили Осиё, Европа ва дунёнинг бошқа минтақаларидан кўплаб меҳмонларни ўзига жалб этишини таъкидлайди.
Мақоланинг салмоқли қисми Ўзбекистон аҳолисининг Туркия ва турк халқига бўлган дўстона муносабатига бағишланган. Журналистнинг сўзларига кўра, у сафар давомида кўп бор самимий меҳмондўстликка ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг турк тили ва маданиятига бўлган катта қизиқишига гувоҳ бўлган.
Нашрда ўзбек ёшлари орасида турк тилининг тобора оммалашиб бораётгани, таълим дастурлари ривожланаётгани ва икки давлат ўртасида қўшма академик лойиҳалар мавжудлиги маълум қилинган. Хусусан, муаллиф олий таълим соҳасидаги Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлиги доирасида Тошкент шаҳрида ташкил этилган Туркий давлатлар халқаро университетини тилга олади.
Турк бизнесининг Ўзбекистондаги иштироки кенгайиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилган. Мақолада турк тадбиркорларининг туризм, меҳмонхона бизнеси ва умумий овқатланиш соҳаларидаги фаолияти мисол қилиб келтирилган, шунингдек, Тошкент ва республиканинг бошқа шаҳарлари инфратузилмаси жадал ривожланаётгани урғуланган.
Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистон ва Туркияни нафақат умумий тарихий ва маданий илдизлар, балки инсонлар ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиши, таълим соҳасидаги ҳамкорлик ва ўзаро сармоялар ҳажмининг ортиши туфайли мустаҳкамланиб бораётган фаол ривожланувчи стратегик шериклик ҳам боғлаб туради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси