Тадаши Маеда: Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ва жадал ўсиш траекториясига чиқди

Сентябрь 03, 2026. 07:05 • 3 дақ

10
Тадаши Маеда: Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ва жадал ўсиш траекториясига чиқди

ТОКИО, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) раиси Тадаши Маеда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали Ўзбекистон халқига ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади:

– Аввало, ушбу қутлуғ сана – Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин дилдан қутлайман.

Мен 2024 йилнинг июль ойида Тошкентда бўлдим. Ушбу ташриф чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва бошқа юқори мартабали расмийлар билан учрашиш шарафига муяссар бўлдим.

Сўнгги йиллардаги ривожланиш гувоҳлик берганидек, Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришганидан сўнг мамлакат иқтисодиёти барқарор ва жадал ўсиш траекториясига чиқди. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Президентига “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги келажак барпо этамиз!” тамойилига асосланган узоқни кўзлаган ва доно раҳбарлиги учун чуқур ҳурматимни изҳор этмоқчиман.

Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакат бўлган Ўзбекистон минтақада етакчи ўрин тутади.

Ўтган йили Японияда “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти доирасида давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтди ва унинг якунлари бўйича 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Мазкур тадбир доирасида нафақат ҳужжатлар имзолангани, балки ҳамкорликнинг аниқ янги лойиҳалари ва йўналишлари ҳам белгилаб олинганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Президент Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида 2025 йилда иқтисодий ўсиш 7,7 фоизни ташкил этиши, 2026 йилда эса ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард долларга етишини қайд этди. Бу кўрсаткичлар мамлакат иқтисодиётининг жадал ривожланаётганидан далолат беради.

Шунингдек ўқинг

JBICнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги узоқ тарихга эга. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, кўп ўтмай, 1995 йилда банкимиз мамлакатга, асосан, нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш учун молиявий кўмак кўрсата бошлади. Шунингдек, нефть қазиб олишнинг иккиламчи усулларини жорий этишга мўлжалланган ускуналарни етказиб бериш учун экспорт кредитларини ажратди.

Сўнгги вақтларда ҳамкорлигимиз анъанавий ўзаро алоқа шаклларидан инвестиция лойиҳаларига ўтиб бормоқда. Кейинги йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ортди. Инвестиция лойиҳалари нафақат энергетика, балки ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимлари ва шифохоналар қурилиши каби соҳаларда ҳам амалга оширилмоқда.

Банкимиз Япониянинг “Sojitz Corporation” компанияси иштирокида давлат-хусусий шериклик шаклида амалга оширилаётган Сирдарё вилоятидаги иссиқлик электр станцияси қурилиши лойиҳасини молиялаштириш учун кредит ажратди. Бундан ташқари, банк Япониянинг “Sumitomo Corporation” ва Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компаниялари иштирокида Самарқанд вилоятида қурилаётган қуёш электр станцияси лойиҳасини ҳам молиялаштирмоқда.

Икки йил аввал бўлиб ўтган учрашувимизда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров икки томонлама лойиҳаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича қўшма ишчи гуруҳини тузиш ташаббусини илгари сурган эди.

Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик турли соҳаларда, жумладан, аэропорт инфратузилмасини модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва бошқа стратегик муҳим йўналишларда изчил ривожланиб бормоқда.

Иқтисодий ривожланишнинг дастлабки босқичида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда давлат кафолатлари кўпинча имтиёзли молиялаштиришни жалб этишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Шу билан бирга, иқтисодиётни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Айнан шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг инвестицияларни жалб қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ва мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлашга хизмат қиладиган давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этаман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш